Диёра Келдиёрова: "Ота-онам, устозларим ва Президентимиз ишончини оқлаётганимдан фахрланаман"
Ўзбекистон чемпиони, халқаро турнирлар ғолиби, Осиё ва жаҳон чемпиони, Зулфия номидаги Давлат мукофоти ва “Келажак бунёдокори” медали соҳиби. Бу ютуқларнинг барчаси дзюдо бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, пастдарғомлик Диёра Келдиёровага тегишли.
Жорий йилнинг 25 август куни Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги муносабати билан юқори натижаларга эришган спортчи ва мураббийлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ, Диёра Келдиёрова “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони билан тақдирланди.
- Ҳаётда нимагадир эришиш учун астойдил ҳаракат ва тинмай меҳнат қилиш керак, бу менинг шиорим, - дейди Диёра. – Қарийб 20 йилдан буён дзюдо билан шуғулланаман. Ёшлигимдан чемпион бўламан, телевизорда кўрсатишади, бутун Ўзбекистон мени олқишлайди, дер эдим. Мана, ниятимга етдим, жаҳон ареналарида юртимиз байроғини баланд кўтариб, чемпион бўлдим. Фаолиятим давомида ютуқлар билан бирга, мағлубиятлар ҳам бўлди. Бироқ бу синовлар қаршисида эгилмадим. Ота-онам, устозларимнинг қўллаб-қувватлашлари менга мадад бўлди.
Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги байрамида эришган ютуқларим яна бир бор эътироф этилиб, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони билан тақдирландим. Президентимиз қўлидан мукофотни олар эканман, “Диёра, қизим ота-онанг, устозларинг ва менинг ишончимни оқлаяпсан, ҳали сенинг номингга Ўзбекистон мадҳияси жаҳон ареналарида кўп бор янграйди” дедилар. Давлатимиз раҳбарининг бундай мақтови ва эътирофидан бошим кўкка етди. Ота-онам, устозларим ва Президентимиз ишончини оқлаётганимдан фахрланаман ва юртимиз байроғини жаҳон ареналарида баланд кўтариш учун астойдил ҳаракат қиламан.