Дўконда тозалик бўлмагач, гўштда сифат бўладими?
Бу кичик мақола орқали бировнинг ёқасидан олиш ёки ёмонлаш фикридан йироқмиз. Ҳозир карантин пайти. Шусиз ҳам бугунги аҳвол одамларни бироз жиззаки қилиб қўйган. Иккита гап ортиқча, битта гап камлик қиляпти. Аммо ундай бўлди, бундай бўлди билан иш битмайди. Гап шундаки, қишлоқ бозорларидаги гўшт дўконларининг аҳволи талабга жавоб берадими? Сотувчиники-чи?
Бозорларда ташкил этилган гўшт дўконларини бир айланиб кўринг, ҳақиқий аҳволни биласиз. Кўп дўконларнинг ички ва ташқи томони антисанитария ҳолатида, гигиеник талабларга жавоб бермайди. Музлаткич йўқлигидан гўшт очиқ жойда сақланмоқда. Ходимлар даврий тиббий кўрикдан ўтмасдан, махсус санитария кийим киймасдан фаолият кўрсатмоқда.
Мана сизга ҳақиқий аҳвол. Энди ўзингиз айтинг, гўшт маҳсулотларини сақлайдиган музлаткичи бўлмаган дўконни қандай қилиб гўшт дўкони дейиш мумкин? Наҳотки, сотувчи ва истеъмолчилар дўконда санитария ва гигиена қоидалари бузилаётганлигини англаб етмаса? Гигиена талабларига риоя этмасдан сотилаётган бу гўштлардан истеъмол қилаётган аҳолининг юқумли касалликлар билан касалланмаслигига ким кафолат беради?
Юқоридаги ҳолатлар Пайариқ туманидаги Накурт, Деҳқонобод, Пахтакор бозорларидаги гўшт дўконларида кузатилди. Бу каби ҳолатни бошқа гўшт дўконларда ҳам афсуски, учратамиз.
Гапнинг дангалини айтадиган бўлсак, айрим тадбиркорлар ўзларига берилган имкониятдан унумли фойдаланмасдан, имтиёзни оёқ ости қилаётганлиги бор гап. Бинобарин, Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги, “Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинган. Аслида бу қонунларнинг ижроси ҳар биримизга тааллуқли бўлиши керак эмасми?
Албатта, бу борада соҳа мутахассислари жойларда санитария назоратларини олиб боришмоқда. Аммо қачон натижа бўлади, қачон доимий назорат ўрнатилади?
Ҳусниддин ХОЛДОРОВ.