Дональд Трамп, Владимир Путин ва яна бир қатор давлат раҳбарлари Шнобель мукофотига лойиқ кўрилди
Гарвард университетида анъанавий, ҳазил тариқасида ўтказиладиган Шнобель мукофоти тақдирлаш маросими ўтказилди. Шнобель мукофоти шубҳали ва самарасиз илмий ютуқ ва фаразлар учун берилади. Бу ҳақда 18 сентябрь куни Радио Sputnik хабар берди.
Жорий йилда тиббий таълим йўналиши бўйича мукофот АҚШ президенти Дональд Трамп, унинг россиялик ва беларуслик ҳамкасблари Владимир Путин ва Александр Лукашенко ва яна олти нафар мамлакат етакчиларига тақдим этилди.
“Тиббий таълим соҳасида мукофот Бразилия, Буюк Британия, Ҳиндистон, Мексика, Беларусь, АҚШ, Туркия, Россия ва Туркманистон раҳбарларига, улар коронавирус пандемиясидан фойдаланиб, сиёсатчилар ҳаёт ва ўлимга шифокор ва олимлардан кўпроқ таъсир эта олишларига дунё аҳлини ўргатмоқчи бўлганлари учун тақдим этилди”, деб таъкидлади мукофот асосчиларидан бири Марк Абрахамс.
2020 йил ғолиблари учун мукофот сифатида гиперинфляция туфайли муомаладан чиқарилган 10 триллион Зимбабве доллари банкнотасининг бир-бирига ёпиштирилган куб шаклидаги нусхаси танланди.