Дўстлик ва ҳамжиҳатлик мамлакатимиз равнақининг пойдеворидир

Юрт тинчлиги, жамият равнақи, халқ фаровонлиги каби эзгу мақсадлар йўлида бирлашган халқни ҳеч ким, ҳеч қандай куч енга олмайди.
Асрлар давомида ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасида шаклланган азалий дўстлик ва қардошлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат ришталарини асраб-авайлаш, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликни сақлаш – ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Давлатимиз раҳбари Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган тадбирда сўзлаган нутқида бағрикенг, танти, қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтаётган қорақалпоқ халқини эъзозлашини таъкидлаб, “Меҳр ва ғурур билан айтаман, мен нафақат Ўзбекистон, Қорақалпоғистоннинг ҳам фарзандиман», — дея таъкидладилар.
Давлатимиз раҳбарининг бу сўзларидан қорақалпоқ ва ўзбек халқини айро тасаввур этиб бўлмаслиги, бу икки халқни азалий ва абадий ришталар боғлаб турганлиги, ўзбекнинг фарзанди қорақалпоқнинг ҳам қондоши эканлиги англашилиб турибди.
Муҳтарам Президентимизнинг юртдошларимизга қилган мурожаати бугун Ўзбекистонни ўз она Ватани деб биладиган муҳтарам отахон ва онахонларимиз, қадрли ака-ука ва опа-сингилларимиз, азиз фарзандларимизнинг қалбида акс-садо бермоқда.
Мурожаатда таъкидланганидек, ҳозирги вақтда дунёнинг турли минтақаларида ўзаро шафқатсиз рақобат, миллатлараро ва динлараро зиддиятлар, сепаратизм, миллатчилик, радикализм каби таҳдидлар тобора кучайиб бормоқда.
Ана шундай таҳликали вазиятда мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва динга мансуб инсонлар ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, юртимиз тараққиётини таъминлаш, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини, унинг эртанги кунга бўлган ишончини ошириш ҳар биримизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, биз фақат мана шу йўл билан бугунги куннинг барча таҳдид ва хавф-хатарларига муносиб жавоб беришимиз, турли бузғунчи ғояларга қарши жамиятимизда, аввало, ёшларимиз қалбида мустаҳкам иммунитет яратишимиз, халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан танланган демократик ислоҳотлар йўлидан ортга қайтмасдан янада самарали натижаларга эришишимиз мумкин.
Шундай экан, ҳар биримиз оилавий ва ижтимоий ҳаётда, ҳар қадамда ёшларимизга аввало шахсий намуна кўрсатиб, ибрат бўлиб, эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал билан яшашимиз, жаҳолатга қарши маърифат билан жавоб беришимиз лозим.
Зеро, шу азиз Ватан – барчамизники. Бизни ягона ва улуғ бир мақсад - юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлидаги эзгу ғоя бирлаштиради.
Асрлар оша машаққатли ҳаёт синовларидан ўтган шижоатли, олижаноб халқмиз, ушбу эзгу ғоя йўлида бирлашсак, биз ўз олдимизга қўйган буюк мақсадларга албатта эришамиз!
Шокир Султонов,
вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи.