Дунё чўлларидаги сирли топилмалар

Чўллар Ер юзасининг учдан бир қисмини эгаллайди. Бу табиий ҳудудлар ўтмишимиз сирлари ва бугунги куннинг тушунтириб бўлмас ҳодисаларини очиб беради. Шу билан бирга чўллар дунё тарихини замона қумлари билан қоплаб, кенгайишда давом этмоқда, археологлар эса сайёрамизнинг ўтмиши ҳақидаги тушунчаларимизни ўзгартиришга қодир топилмаларга бойимоқда.

Лоулан мумиёлари

1899 йилда швед саёҳатчиси Свен Гедин Такла-Макан чўлидаги 4000 йиллик Лоулан шаҳри харобаларига дуч келди. 1980 йилда у ердаги қадимий манзилгоҳ яқинида ёши тахминан 3800 йилга тенг (бўйи 180 см., сариқ сочли) кавказлик аёлга тегишли “Лоулан гўзали” номини олган мўмиё топилди. Лоулан гўзалининг ёнида 50 ёшли “черчен эркак” дафн этилган. Бу топилмалар Ички Осиёда 2000-3000 йил аввал европеоидларнинг кенг тарқалганидан далолат беради.

Намиб чўлидаги сирли доиралар

Намиб чўлида ғайриоддий ҳодисани – тошлоқ тупроқда диаметри 2 метрдан 10 метргача бўлган юзлаб мўъжизавий доираларни учратиш мумкин. Маҳаллий аҳоли ер остида аждаҳо яшаши ва унинг нафаси бу доираларни қовжиратиб қўйишига амин. Олимлар бу ҳодиса термитлар, радиоактив тупроқ ёки маълум бир ўсимлик томонидан чиқарилган токсинлар туфайли юзага келиши ҳақида фикр билдирмоқда.

Бинафшаранг шарчалар

2013 йилда АҚШлик эр-хотин сайр қилаётиб Аризона чўлида минглаб бинафша рангли шарларга дуч келишди. Ғалати шаффоф шарчалар сувли ва ёпишқоқ бўларди, маҳаллий телевидение улар ҳақида ҳатто ҳужжатли фильм суратга туширди. Ўсимликшуносларнинг таъкидлашича, бу шилимшиқ замбуруғ ёки ёлимшак (желе) моғорлари бўлиши мумкин.

Гигант келгинди панжаси

2016 йилда ўзини паронормал тадқиқотчи деб эълон қилган гуруҳ Перунинг Куско шаҳридаги ғорларни қазиш пайтида уч бармоқли қўл топилганига даъво қилишди. Бундан ташқари, жамоа тери бўлаклари сақланиб қолинган, чўзилган бош суягини ҳам топди. Рентген қўлдаги металл имплантларга ўхшаш нарсаларни кўрсатди. Олимлар ҳали уч бармоқли қўл кимга тегишли бўлиши мумкинлиги ҳақида жавоб беришга қийналяпти.

Саҳродаги кўл

Бир неча йил олдин Тунисдаги Гафса шаҳридан 25 километр узоқликда чўл ўртасида йўқ жойдан... бир кўл ҳосил бўлди. Олимлар сирли сув омбори сейсмик фаоллик туфайли ҳосил бўлган бўлиши мумкин тахминини олға суришаётир.

Гоби чўлидаги ғалати нақшлар

2011 йилда Google Earth хизмати фойдаланувчилари Хитойнинг Гоби чўлида ғалати нақшларни кўриб қолишди. Кимларгадир Шинжон вилояти ва Ганьсу провинцияси чегарасидаги бу объектларни ўзга сайёраликлар яратгандек туюлса, бошқалари Хитой АҚШга қарши ҳаво ҳужуми уюштираяпти ва шу ерда машғулотлар ўтказаяпти, деган фикрни билдиришди. Аслида бир вақтлар бу чизмалар сунъий йўлдошлар учун белгилар бўлиб хизмат қилган. Ўшанда космик кемалар ўлчам олиб, ўз линзаларни мўлжал томон йўналтириши мумкин эди.

Атакамалик гуманоид

Атакама гуманоиди бу 2003 йилда Атакама чўлидаги ташландиқ Ла-Нория чўлида топилган бўйи 15 сантиметрдан иборат кичкина одам мўмиёси. Бу мўмиёнинг одамлар учун одатий бўлган ўн икки қовурғасидан фарқли ўлароқ, фақат тўққиз жуфт қовурғаси ва жуда чўзилган бош суяги бор. ДНК таҳлили топилма инсоннинг кам учрайдиган эркак мутацияси эканлигини кўрсатди. Бола миттиликнинг энг оғир шаклидан азият чеккан в тахминан етти йил яшаган.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.