Дунё мамлакатларидаги ноодатий солиқлар

Қуёш ва соя учун солиқ олса бўладими? Ҳақиқатан ҳам Арманистонда чанг солиғи юритилганми? Нега Швецияда такса зотли ит машҳур?

Бугун дунёда мавжуд бўлган ноодатий солиқлар тўғрисида сўз юритамиз.

Мамлакатни тарк этиш солиғи

Бу солиқ Японияда ўрнатилган. Уни ҳар бир киши – хоҳ у маҳаллий аҳоли бўладими, хоҳ сайёҳ, агар у мамлакатдан чиқиб кетаётган бўлса, тўлайди. Солиқ бошқа давлатга самолёт ёки кемага сотиб олинган чипта тўловига киритилган. Ушбу солиқни фақат икки ёшгача бўлган болалар, мамлакатга бир кундан камроқ вақт ўтказган саёҳатчилар, шунингдек, элчилар ва дипломатлар тўламайди.

Ижтимоий тармоқлар ва блоглар солиғи

2018 йилда Угандадаги ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг ҳар бири кунига 0,05 доллар, блог учун эса 1,2 доллар тўлаши лозим бўлган солиқ жорий қилинди. Ҳукумат маҳаллий аҳолининг ижтимоий тармоқлардаги ҳаддан ташқари кўп миш-мишлар ва нотўғри маълумотлар тарқатилиши билан курашиш мақсадида кўп куч ва маблағ талаб қилингани сабаб ушбу солиқни ўйлаб топди.

«Ўзгача» исмлар солиғи

Швецияда фарзандига ғайриоддий исм қўймоқчи бўлган ота-оналар  солиқ тўлайди. Солиқ миқдори тахминан 880-890 АҚШ долларини ташкил қилади. Муаммо шундаки, тақиқланган исмларнинг тўлиқ рўйхати мавжуд эмас ва «ноодатий» исмни аниқлаш мезонлари жуда мужмал. Бола 5 ёшга тўлганда маҳаллий солиқ идораси томонидан текширилади. Мабодо исм ғайриоддий деб топилса, ота-оналар пул сарфлашга мажбур бўлади.

Қуёш ва соя солиғи

Майорка, Ивиса ва Менорка курортларида офтобда тобланмоқчи бўлган сайёҳлар кунига 1 евро тўлаши керак. Маблағлар курортлар реконструкцияси ва таъминотига сарфланади.

Венецияда эса соя солиғи қадимдан маълум. Бу солиқ айвони ва пештахталарига соя тушган сотув дўконлари эгалари томонидан мунтазам тўлаб келинади.

Чанг солиғи

Арманистонда аҳоли шаҳар кўчалари, ҳовлилар ва бошқа жамоат жойларидаги йўл чангларини тозалаш учун солиқ тўлайди. Солиқ тозаланган майдонларнниг квадрат метрига қараб ҳисобланади.

Итларга солинган солиқ

Дунёдаги баъзи мамлакатларда ити бор уй эгалари солиқ тўлайди.  Солиқни ҳисоблаш усуллари унинг мавжудлигидан ҳам қизиқроқ: мисол учун Швецияда тўлов миқдори итнинг баландлиги бўйнидаги яғринидан бошлаб ҳисобланади. Норвегияда эса думини қўшмасдан, итнинг узунлиги ҳисобга олинади. Шу сабабли бўлса керак, Швецияда такса зотли итлар жуда кўп.

Дам олиш ва ўйин-кулги солиғи

Ҳиндистондаги кўнгилочар ва спорт тадбирлари чипталари мажбурий тўловни ўз ичига олади. Дам олишни истайсизми – марҳамат давлат хазинасини тўлдиринг. Илгари солиқ чипта нархининг 110 фоизигача бўлиши мумкин эди, аммо 2017 йилдан бошлаб у тартибга келтирилди. Энди максимал тўлов 28 фоиздан ошмайди.

Баҳора тайёрлади.