Дунё нефть бозоридаги асосий денгиз артериялари

Жаҳон нефть бозорида маҳсулот етказиб беришнинг асосий қисми бир нечта тор денгиз йўлакларига таянади. Ушбу нуқталар, глобал энергия тизимининг муҳим артериялари орқали кунига ўн миллионлаб баррель хом нефть ўтади.

АҚШ энергетика ахборот маъмурияти (EIA) йирик денгиз нефть транзит марказлари орқали кунига 73 миллион баррел - дунё нефть савдосининг салмоқли қисми ўтишини қайд этади.

Малайзия ва Индонезия ўртасида жойлашган Малакка бўғози дунёдаги энг гавжум нефть йўлагидир. 2025 йилнинг биринчи ярмида у орқали кунига тахминан 23,2 миллион баррель нефть ўтказилган. Бу жаҳонда денгиз орқали ўтадиган нефть савдосининг тахминан 29,1 фоизини ташкил этади.

Хитой, Япония ва Жанубий Кореяга нефть етказиб беришда асосий йўл ҳисобланадиган бўғоз Ҳинд океанини Жанубий Хитой денгизи билан боғлайди.

Уммон ва Эрон ўртасида жойлашган Ҳормуз бўғози ҳам Малакка даражасида муҳим роль ўйнайди. 2025 йилнинг биринчи ярмида у ердан кунига жаҳон нефть истеъмолининг тахминан бешдан бир қисмига тенг - 20,9 миллион баррель нефть ўтказилган.

Чуқурлиги ва кенглиги ҳатто энг йирик нефть танкерларининг ҳам ўтишига имкон берадиган бу бўғоз Форс кўрфазини Уммон кўрфази ва Араб денгизи билан боғлайди.

Ҳормуз бўғози орқали ўтадиган нефтнинг қарийб 84 фоизи Осиё, жумладан, Хитой, Ҳиндистон, Япония ва Жанубий Корея бозорлари учун мўлжалланган. Шу сабабли, ушбу йўналишдаги ҳар қандай тўхтаб қолиш дунё бўйлаб нефть нархларининг сезиларли ўзгаришга олиб келади.

Юқорида номлари келтирилган бўғозлардан ташқари, жаҳон нефть савдосида муҳим роль ўйнайдиган бошқа денгиз йўлаклари ҳам бор. 

Сувайш канали ва Мисрдаги SUMED қувури Қизил денгизни Ўрта ер денгизи билан боғлайди ва кунига тахминан 4,9 миллион баррель нефть ташилади.

Европадаги муҳим йўналишли Дания ва Туркия бўғозлари орқали Россия ва Каспий минтақасидан кунига мос равишда 4,9 ва 3,7 миллион баррель нефть экспорт қилинади.

Панама канали орқали кунига тахминан 2,3 миллион баррель нефть олиб ўтилади.

Атлантика ва Ҳинд океанлари ўртасида танкерлар хизмат қиладиган “Good Hope” бурни кунига 9,1 миллион баррелга яқин юк ташувини таъминлайди.

Дунёдаги нефть логистикаси кўп жиҳатдан бир нечта стратегик денгиз йўлакларига боғлиқ. Ушбу нуқталардаги ҳар қандай можаролар, тўсиқлар ёки  етказиб беришдаги узилишлар глобал энергия бозорлари ва нефть нархларига таъсир қилишидан далолат беради.