Дунёда 37 миллионга яқин 13–15 ёшдаги ёшлар тамаки чекади
31 май — Бутунжаҳон тамакисиз кун
Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш инсон саломатлигига жиддий зарар етказади. Ушбу оддий ҳақиқат ҳақида кўп бора эшитсак-да, афсуски, ҳозирги кунда бутун дунёда тамаки чекувчилар сони тобора ортиб бормоқда. Айниқса, ёшлар орасида бу одатнинг кенг тарқалаётгани ачинарли.
Шу сабабдан ҳам жорий йилда Бутунжаҳон тамакисиз кун махсус ёшларга мўлжалланган тамаки маҳсулотлари пайдо бўлишига чек қўйишга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Бугун бутун дунёдаги ёшлар, сиёсатчилар ҳамда тамакига қарши курашиш соҳасининг фаоллари учун ушбу муаммони муҳокама қилиш платформасига айланади. Улар мамлакатлар ҳукуматларини ёшларни тамаки саноатининг турли найрангларидан ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўришга даъват этадилар.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, тамаки ишлаб чиқариш саноати вакиллари болалар ва ўсмирларга жозибали бўлиб кўринадиган маҳсулотларни яратаётгани ва реклама усулларини ўйлаб топаётгани ачинарли ҳолдир. Бунинг учун тамаки саноати ижтимоий медиа ва стриминг платформалардан кенг фойдаланмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, дунё бўйлаб 13–15 ёшдаги 37 миллион нафар ўғил-қизлар тамакини у ёки бу шаклда истеъмол қилади. ЖССТнинг Европа минтақасида эса 13–15 ёшдаги 11,5 фоиз ўғил болалар ва 10,1 фоиз қизлар (умумий ҳисобда 4 миллион нафар ёшлар) тамаки чекади.
Тамаки таркибидаги никотин қарамликни келтириб чиқаради ҳамда унинг истеъмоли юрак-қон томир ва нафас олиш тизими касалликлари, саратоннинг 20 дан ортиқ турлари ва бошқа кўплаб ногиронликка олиб келувчи хасталикларнинг ривожланиши учун асосий хавф омилидир. Ҳар йили 8 миллиондан ортиқ одам тамаки истеъмоли оқибатларидан вафот этади.
Дунёдаги болаларнинг деярли ярми тамаки тутуни билан ифлосланган ҳаводан нафас олади ва ҳар йили 65 минг нафар бола атроф-муҳитдаги тамаки тутуни таъсиридан келиб чиққан касалликлардан вафот этади. Ҳомиладорлик пайтида чекиш эса чақалоқларда умр бўйи давом этадиган жиддий касалликларга олиб келиши мумкин.
Баъзи маҳсулотлар, масалан, электрон сигареталар, қиздириладиган тамаки маҳсулотлари ва никотинли снюслар ёшлар орасида тез оммалашмоқда. ЖССТ маълумотига кўра, Европа минтақасида 2022 йилда электрон сигареталарни 12,5 фоиз ўсмирлар ва бор-йўғи, 2 фоиз катталар чеккан. Шунингдек, дунёнинг барча ҳудудларида болалар ўртасида электрон сигаретани истеъмол қилиш кўрсаткичлари катталарникидан юқори. Айрим мамлакатларда электрон сигареталарнинг мактаб ўқувчилари орасида тарқалганлиги одатдаги сигареталарга қараганда 2-3 баравар юқори.
— Ўзбекистонда халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда ёшларни тамаки маҳсулотларидан ҳимоя қилиш мақсадида қатор чоралар кўрилмоқда, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тамакига қарши курашиш бўйича бош консультанти Шуҳрат Шукуров. — Хусусан, 2023 йил 24 майда Ўзбекистон Республикасининг “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши нафақат юртдошларимиз, балки халқаро ҳамжамият томонидан ҳам мамнуният билан қарши олинди. Жорий йилнинг 18 майида Вазирлар Маҳкамаси томонидан Тамаки маҳсулотлари тўғрисидаги техник регламенти тасдиқланди. Ҳозирда ваколатли органлар томонидан тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига қарши чоралар кўрилиб, уларнинг зарари тўғрисида аҳолининг хабардорлигини ошириш бўйича тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда, дея хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги.