Дунёдаги энг байрами кўп давлатлар
Дунё мамлакатларидаги расмий байрамлар сонини таққослаб чиқиб, етакчиларни аниқлаймиз. Рўйхатимиздан байрам қилишни яхши кўрадиган ва қандай қилиб дам олишни биладиган мамлакатлар жой олган.
Непал (йил давомида 31 кун)
Непал байрамлари ҳақида гапирганда, биринчи навбатда шуни айтиш керакки, бу ердаги тақвимнинг бошланиши сифатида милоддан аввалги 57 йил олинган бўлиб, у бошқа календарлардан 56 йилу 8 ой олдинда юради. Шунингдек, Непалда календарь ойи 28 дан 32 кунгача давом этиши мумкин. Йил давомида баъзилари бир неча кун давом этадиган 50 дан ортиқ байрамлар мавжуд. Байрамларнинг энг асосийси Дашайн – ҳиндларнинг диний байрами бўлиб, ёвузлик устидан қозонилган ғалаба рамзи сифатида сентябрь-октябрь ойларида шоли йиғиб олингандан кейин ишонланади. Дам олиш куни билан бошланган биргина фестиваль 15 кунгача давом этади.
Ҳиндистон (йил давомида 30 кун)
Ҳиндистонда учта – Мустақиллик куни, Республика куни ва Ганди таваллуд топган кун каби миллий байрамлар бор. Кўп маданиятли мамлакатнинг турли штатларида, шунингдек, 51 та дунёвий, ҳиндлар, исломий, сикгхлар, насронийлар, буддачилар, зардуштийлар ва бошқа байрамлар нишонланади.
Эрон (йил давомида 26 кун)
Эронда ҳам байрамлар кўп, энг кўп вақт (кетма-кет 5 кун) нишонланадигани Наврўз байрамидир. Наврўз келишидан олдин уйлар тозаланади, саховатли таомлар тайёрлаб улашиш ва иложи борича кўпроқ қариндошлар ва дўстлар ҳолидан хабар олиш одат тусига кирган.
Шри-Ланка (йил давомида 25 кун)
Кўп миллатли ва кўп маданиятли Шри Ланка оролида деярли ҳар ой ўртача 2-3 та турли хил расмий байрамлар ўтказилади, бу албатта аҳолига қўшимча дам олиш кунларини беради. Анъанавий равишда ҳар тўлин ой нишонланадиган Поя байрамида ҳам дам олинади, бу кунларда гўштли овқат ва спиртли ичимликлар истеъмоли тақиқланган. Шунингдек, мамлакатнинг турли бурчакларида ҳар йили филлар, раққосалар ва мусиқачиларнинг ёрқин ва ранг-баранг юришлари билан бирга ўндан ортиқ диний байрамлар ўтказилади.
Малайзия (йил давомида 22-25 кун)
Давлат байрамларига қиролнинг туғилган куни, 1 май ва бошқалар киради. Шунингдек, мамлакатни ташкил этувчи турли этник ва диний гуруҳларнинг (Хитой Янги йили, Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в) туғилган куни, Рождество) анъанавий байрамлари ҳам нишонланади. Малайзияда ҳам федерал, ҳам минтақавий байрамлар мавжуд. Ҳар бир штат губернаторининг туғилган кунида ҳам фуқароларга дам олиш куни берилади.
Лихтенштейн (йил давомида 20 кун)
Лихтенштейндаги байрамларнинг аксарияти насронийлик билан боғлиқ, лекин Янги йил, 1 май, Миллат куни каби дунёвий байрамлар тантанали нишонланиб, дам олиш куни ҳисобланади.
Озарбайжон (йил давомида 20 кун)
Қардош Озарбайжонда Рамазон ва Қурбон ҳайити байрамларининг ҳар бири 2 кун нишонланади. Янги йил, Хотин-қизлар куни, Наврўз байрами, Фашизм устидан қозонилган ғалаба, Мустақиллик, Озарбайжон халқининг миллий нажот куни каби бир қатор байрам кунлари ишланмайдиган кунлар ҳисобланади.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.