Дунёдаги ғайриоддий ёмғирлар

Сайёрамизда қўрқинчли ёки ейиш ва ғамлаб қўйиш мумкин бўлган ғайриоддий ёмғирлар ҳам ёғади.

 Қурбақа ёмғири

2005 йилда Сербиядаги кичик бир қишлоқ аҳолиси осмонни қоронғи, даҳшатли булут қоплагани ва жуда кучли ёмғир бўлишини муҳокама қилишди.

Совуқ шамол эсди, осмон очилди ва тепадан ҳақиқий қурбақалар ёғила бошлади. Ёмғир қисқа, аммо кучли бўлди. Ўн дақиқада ерга бир неча минг қурбақа тушди. Аввалига қурбақалар шунчаки атрофга қарашди, кейин қуриллаб, тўрт томонга сакраб қочишди.

Ҳодисани ўрганган серб олимларининг бундай ёмғир жуда амалий тушунтиришга эга эканлигига ишончи комил бўлди. Қайсидир ботқоқлик яқинида кучли уюрмали шамол содир бўлган ва қурбақалар сўриб чиқарилиб, шу ерга олиб келиб сочилган.

Мева-сабзавот ёмғири

2011 йилда Англиядаги Ковентри шаҳарчаси аҳолиси мевали ёмғирдан завқланишди. Йигирма дақиқа давомида осмондан олма, нок, сабзи, карам ва сабзи ёғилди.

Баъзи одамлар ёғингарчиликнинг умумий миқдори тахминан 250 килограмм деб ҳисобланган сахий совғаларни йиғиб олиб, сумкаларни тўлдириб олишди. Бундай ёмғир қандай содир бўлиши мумкинлиги текшируви бошланганида, олимлар қурбақа ёмғири билан бир хил гипотезани илгари сурдилар: барчасига бўронли шамол айбдор.

 Балиқ ёмғири

Бунга ишониш қийин, лекин ҳар йили май ва июль ойларининг ўрталарида Гондурасда балиқ ёмғири ҳодисаси бор. Баъзан йилига икки марта содир бўладиган ёғингарчилик 300 йилдан буён содир бўлади. Манзил ҳам ҳар доим бир хил: Йоро шаҳри.

Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, ёмғир ҳамиша бир хил бошланади. Аввалига ўша куни кечқурун соат бешларда шаҳар устини қора булут қоплайди, кучли момақалдироқ гумбурлайди, ҳар жойда чақмоқ чаққади. Кейин сардина балиқлари ёмғир бўлиб ерга тушади.

Шаҳар аҳолиси челак ва сумкалар билан тайёр туришади. Ёмғир тугаши билан улар кўчага югуриб чиқиб, балиқ захирасини ғамлайди. Шундан сўнг, бир неча ой давомида шаҳар хонадонларида фақат қовурилган, буғланган, қайнатилган балиқ пиширилади ёки балиқлар кейинги ёмғиргача тузлаб, дудлаб қўйилади.

Қадимий тангалар ёмғири

1940 йилда Россиянинг Нижний Новгород вилоятидаги Мешчери қишлоғи аҳолиси далаларида тинчгина меҳнат қилишарди. Тўсатдан осмондан уларнинг устига оддий ёмғир эмас, XVI асрга оид кумуш ва олтин тангалар ёғила бошлади. Ҳаммаси бўлиб, деҳқонлар турли қийматдаги 1000 га яқин тангаларни териб олишди.

Кейинчалик маълум бўлишича, бир пайтлар бир қароқчи шу қишлоқ яқинида катта хазинани кўмиб қўйган. Уч аср ўтиб, кучли момақалдироқли ёмғир пайтида тупроқ ювилиб кетган ва хазина юзага чиққан.

Яхши кунларнинг бирида довулли шамол кўтарилиб, тангаларни маҳаллий аҳоли ишлаётган Мешчери яқинидаги далага олиб келди.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.