“Education and Job-2019” халқаро форуми иштирокчилари СамВМИ фаолияти билан танишди
Айни кунларда Тошкентда “Education and Job-2019” (“Таълим ва касб”) халқаро форуми бўлиб ўтмоқда. Дунёнинг 30 га яқин мамлакатлари етакчи олий таълим муассасалари вакиллари иштирок этаётган мазкур ҳалқаро анжуман доирасидаги кўргазма Самарқанд шаҳрида ҳам ташкил этилди.
Кўргазма иштирокчилари мамлакатимиз ёшлари - мактаб битирувчилари ва хорижда ўқиш истагида бўлган йигит-қизларга ўзларидаги таълим ва касбий йўналишларини тақдим этишди.
Мазкур тадбир доирасида Самарқанд ветеринария медицинаси институтига Туркиянинг Muğla Sıtkı Koçman University вакиллари ташриф буюрди. Университетнинг ташқи алоқалар бўлими бошлиғи, биология фанлари доктори Ришад Унал ташриф мақсади ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.
Таъкидланишича, Muğla Sıtkı Koçman University Туркиянинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири саналади. Кичик шаҳар Муғлада жойлашган университет 1992 йилда фаолиятини бошлаган. Айни кунда 45 000 нафар талабалар таҳсил олади. 21 та факультетдан иборат университет таркибида 4 та илмий тадқиқот институти фаолият юритади. 2017 йилда мазкур университетда ветеринария медицинаси факультети ташкил этилган. Университет талабаларининг 2500 нафарини хорижликлар ташкил этади. Талабалар 500 лира миқдорида стипендия олишлари мумкин.
Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.