Экологияга оид муаммонгиз борми?
Энди соҳа вакиллари ўзи сизни излаб боради.
Негаки, шу кунларда вилоят ҳокими топшириғига асосан мутасаддилар жойларда аҳолини қийнаб келаётган масалаларни ўрганмоқда. Ўрганишларнинг навбатдаги Самарқанд туманида ўтказилди.
Туманнинг Миронқул ҳудудида бўлган вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси раҳбарларига аҳоли гўшт ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи фаолиятидан норозиликларини билдиришди.
Маълум қилинишича, цехда қайта ишлаш жараёнида пайдо бўлган суюқлик ҳудуддаги каналга оқизилмоқда (Аслида бўш турган ерда тўпланган). Бундан норози бўлган аҳоли тадбиркорнинг ишчиларини калтаклаган. Судга қилинган мурожаатга асосан ҳуқуқбузарлик содир этган фуқаролар жаримага тортилган.
Бироқ ўртадан оқибат кўтарилган бўлса-да, муаммо кўндаланг қолаверган. Ҳар икки томоннинг гапларига қулоқ тутган мутасаддилар ҳолат жойини кўздан кечирди.
Вазиятдан келиб чиқиб, тадбиркорга бир ҳафта муддат берилди. У шу муддат ичида чиқиндихонага айлантирилган майдонни асл ҳолига келтириб, цехда пайдо бўлаётган суюқликни махсус қувурлари орқали ҳудудида ҳандақларда сақлайдиган бўлди.
Келишув қандай амалга оширилишини кексалар назоратга олади. Агар унинг ижроси пайсалга солинса, мутасаддиларни хабардор қилиш учун телефон рақамлари берилди.
Сизда ҳам экология, атроф-муҳит билан боғлиқ муаммо борми?