Электр тармоғидаги ҳар бир янгилик тежамкорликка қаратилган

Самарқанд вилоят Матбуот уйида «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти директори М.Пардаев ҳамда корхона мутахассислари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Президентимизнинг 2019 йил 27 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги қарори мазмун-моҳияти, вазифалари ва талаблари ҳақида маълумот берилди.

Таъкидландики, қарор ижросига кўра, «Ўзбекэнерго» АЖ ўрнида учта алоҳида акциядорлик жамиятлари тузилди. Ҳозирда янги ташкил этилган «Иссиқлик электр станциялари», «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» ва «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятлари аҳолини мунтазам электр энергияси билан таъминлаш борасида мувофиқлаштирилган тарзда фаолият олиб бормоқда. Бундан кўзланган мақсад - электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва сотишни ташкил этишнинг замонавий услубларига ўтишдан иборат.

- Ҳозирда вилоятимизда 774 минг 960 дан ортиқ аҳоли хонадони ва 35 минг 56 та юридик истеъмолчилар мавжуд, - дейди М.Пардаев. – Уларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида вилоятимизда электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ) жорий этилмоқда. Яъни, ҳар бир хонадонга электрон ҳисоблагичлар ўрнатилаётир. Ҳозиргача вилоятимиз бўйича 332 минг 727 та, шундан 305 мингдан зиёд аҳоли хонадонларига замонавий ҳисоблагичлар ўрнатилди. Мазкур ҳисоблагичлар маълумотларни сохталаштиришга уриниш, яъни ҳисоблагичга таъсир ўтказиш ҳолатлари юзага келса, дарҳол ўчади ва тизимга хабар жўнатади. Энергия тўлови тўланмаган ҳолатда масофадан ўчиш хусусиятига ҳам эга. Яна бир эътиборли жиҳати, илгари ҳудудлар учун электр сарфи тахминий ҳисобланиб, «лимит» ажратилган бўлса, янги тизимда барча маълумотлар аниқ кўриниб туради. Бу таъминотда чекловнинг олдини олишга хизмат қилади.

2020 йил июнь ойигача вилоятимиздаги мавжуд 810 мингдан зиёд аҳоли хонадонлари ва улгуржи истеъмолчининг барчаси электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланади.

Анжуман давомида корхона директори кўпчилик учун қизиқ бўлган электр энергиясини билиб-билмай сарфлаб юборишимиз ҳолатлари ҳақида гапирди.

- Бугун ҳар бир хонадонда камида битта телевизор, кир ювиш машинаси, чангютгич ёки кондиционер каби маиший техникалар бор, - деди М.Пардаев. – Аксарият ҳолларда улардан фойдаланамиз-у, токдан узиб қўймаймиз. Бундай ҳолатда бу жиҳозлар электр энергиясини истеъмол қилаверади. Биргина оддий телефон қувватлагичини олайлик. У токка уланган ҳолда қолса, бир ойда ўртача 1,5 кВт соат, йилига 18 кВт соат энергия сарфлайди. Хитойда ишлаб чиқарилган электр сув иситкич ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Кўпчилик сув иситкични пульт ёки электрдан узишга мослашган тугма орқали ўчиради-ю розеткани токдан узмайди. Оқибатда у автоматик тарзда электр энергиясини истеъмол қилади ва истеъмолчига зарар келтиради. Буни билган ва жиҳозни электр токидан узган ютқазмайди.

Матбуот анжумани давомида мутахассислар журналистларнинг саволларига батафсил жавоб берди.

Акрам БЎРИЕВ.