Энди бўр ва латтадан фойдаланмаяпмиз
Қўшработлик ёш муаллим Исомиддин Музрабов Самарқанд давлат университетини тамомлаб, ўқитувчилик фаолиятини бошлаган 2009-2010 ўқув йилида мактаб таълими тизимидаги шароитларни эсга олди.
Пахта йиғим-терим мавсумидан кейин бошқаларга ўрнак бўлган ҳолда устозлик қилиш учун мактабга келди. Ишга киришишга бел боғлаган ўқитувчининг шаштини сўндирадиган тўсиқлар учрайверди. Костюм-шимда кўчаларни ободонлаштиришга мажбур бўлди. Баъзан ўқитувчилик касбини танлаганидан афсусланди ҳам.
- Ўқувчиларга тайинли дарс ўтолмаганимдан виждоним қийналиб, қиш кунлари қўшимча тўгараклар ташкил қилишга ҳаракат қилдим, - дейди И.Музрабов. – Сабаби, мен таълим берган ўқувчиларнинг аксарияти олий ўқув юртига киришини хоҳлардим. Аммо бу истагим ҳам кўп йиллар амалга ошмай келди. Чунки “шпаргалка” ва бошқа йўллар билан ўқишга кираётган ёшлардан билимли абитуриентларга ўрин тегмасди. Аксарият иқтидорли шогирдларимнинг қизиқиши бирданига сўниб, ўқимишлиликдан мардикорликни устун билди. Хорижга ишлашга кетди.
Бугунги кунда шу каби кўпгина муаммоларга ечим топилди. Ўқитувчи фақат таълим бериш билан шуғулланяпти. Асосийси, улар учун барча шароитлар яратилган. Ҳатто чекка ҳудуддаги мактабларда ҳам интернет тармоғидан фойдаланишнинг имкони мавжуд. Замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиб, дарс ўтиляпти. Натижаси битирувчиларнинг олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичининг ортиб бораётганида кўриняпти.
- 2010 йилда бор-йўғи 2-3 нафаргина шогирдим ўқишга кирганди, - дейди Исомиддин. - 2021-2022 ўқув йилида мен раҳбарлик қилган 11-синфни 26 нафар битирувчи тамомлади. Уларнинг 13 нафари олий таълим муассасасига ўқишга кирди.
Кейинги йилларда яратилган қулайликлардан яна бир мисол, шу пайтгача ўқитувчими, ўқувчими доскага ёзаётганда ёки ёзувни ўчираётганда топ-тоза кийимига доғ тегиб қолишидан чўчиб турарди. Энди эса бўр ва латтадан фойдаланмаяпмиз. Мактабимизга электрон доскалар келтирилган. Бундай имкониятларнинг қадрига етишимиз керак.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат).