Энди ҳар йили сув тақчиллиги кузатилади
“Сувга эҳтиёж катта, бироқ сув захираси кам. Шунинг учун амалиётга сув тежовчи технологияларни кенгроқ ва тезроқ жорий этиш керак”. Жомбой туманидаги “Боғбон ин-витро” лабораториясида ташкил этилган Президентимизнинг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси ҳамда соҳадаги янгиликларга бағишланган семинарда шундай хулосага келинди.
Тадбирда Олий Мажлиc Қонунчилик палатасининг аграр ва сув хўжалиги масалалари бўйича қўмита аъзолари Аъзамжон Тўлабоев, Равшан Бегматов, Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Рустам Қаршиев, Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Фарҳод Ражабов ва бошқа масъуллар соҳадаги янгиликлар тўғрисида маълумот берди.
Семинарда қайд этилишича, дунёнинг аксарият давлатлари қишлоқ хўжалиги соҳасида интенсив технологияларга ўтмоқда. Бу, аввало, суғоришдан бошланади.
1990 йилларда қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун 61 миллиард куб сув сарфланган ва ўшанда республикамиз аҳолиси 20-25 миллион кишини ташкил этган. Ҳозирда республикамиз қишлоқ хўжалигида 51 миллиард куб сув зарур ва унинг 80 фоизи қўшни давлатларда шаклланади. Кейинги йилларда кузатилаётган қурғоқчилик туфайли дунё давлатларининг аксарияти аграр тармоқда маҳсулот етиштириш учун сув тежовчи технологиялардан фойдаланмоқда. Таҳлилларга кўра, 2030 йилга келиб Марказий Осиё минтақасида янада қурғоқчилик кузатилиши мумкин.
- Шу боис, босқичма-босқич 230 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилади, - дейди Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Рустам Қаршиев. – Бунинг учун боғ майдонларининг гектарига 6 миллион сўмгача, пахта майдонларига 8 миллион сўмгача субсидия ажратилмоқда ва маблағ миқдори янада оширилмоқда. Бир неча кун давомида Самарқанд вилоятида мазкур соҳадаги ишларни ўргандик ва таҳлил қилдик. Афсуски, вилоятда бу соҳадаги ишлар энг биринчилардан бўлиб бошланган бўлса-да, ҳозирда тармоқда сув тежовчи технологияларнинг жорий этилиши оқсамоқда. Мисол учун, Булунғур, Ургут туманларида ишлар молиялаштирилган бўлса-да белгиланган ишлар 15 фоизга бажарилган, холос. Вилоятда ҳам белгиланган ишлар 71 фоизга уддаланган. Ваҳоланки, сув тежовчи технологиялар учун ишлатиладиган воситалар ишлаб чиқарувчи кўплаб корхоналар айнан Самарқандда жойлашган. Бошқа вилоятларда бу кўрсаткич 1,5-2 баробарга ортиғи билан уддаланган бир пайтда вилоятда белгиланган режадан ҳам ортда қолинмоқда.
Маълумот ўрнида: ҳозирда вилоятимиз қишлоқ хўжалиги тармоғи учун 4 миллиард куб сув талаб этилади, лекин 3,2 миллиард куб сув бор. Бу эса ҳозирда 800 миллион куб сув дефицит бўлиб турибди, дегани. Шундан 500 миллион куб сув тежалиб такрорий экинга йўналтирилади. Вилоятнинг асосий сув тармоғи бўлган Зарафшон дарёсида 100-110 минг куб сув бор, лекин шу кунларда вилоятимиз аграр тармоғи учун 160-170 минг куб зарур бўлади. Шу боис, сув тежовчи технологиялар қанчалик тез жорий этилса, кейинги йилларда сув тақчиллигининг олди олинади.
Ўктам Худойбердиев.