Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш энг кўп қайд этилган учта вилоят маълум қилинди
«Ўзэнергоинспекция» маълумотларига кўра, сўнгги 1 ойда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланишлар натижасида давлат манфаатларига 67 млрд. 825 млн. сўмлик зарар етказилгани аниқланган.
Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзэнергоинспекция» ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорликда май ойида ўтказган назорат тадбирларида 971 ҳолатда истеъмолчиларнинг табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари маълум бўлган.
Бунда 39 млрд. 332 млн. сўмлик электр энергияси (46 млн. 264 минг киловатт-соат) ва 28 млрд. 492 млн. сўмлик табиий газ (18 млн. 124 минг метр куб) талон-торож қилиниши оқибатида давлат манфаатларига жами 67 млрд. 825. млн сўмлик зарар етказилган.
Ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг энг кўпи — Навоий, Сурхондарё ва Андижон вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.
Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинди.