Энг ғалати бинолар
Баъзи дизайнер ва меъморлар яратган ғайриоддий бинолар дунё аҳли эътиборини ўзига тортиб келади. Бугун баъзилари тескари бурилган, бошқалари ҳақиқий деб аталиш учун «курашаётган» ғайриоддий тузилмаларни кўриб чиқишни таклиф қиламиз.
Монреал биосфераси
Ушбу улкан ва ёрқин шарнинг ўлчамига қаранг! Қизиқ, унинг ичида нима бор экан? Ушбу таъсирчан гумбаз 1967 йилда Монреалда бўлиб ўтган Жаҳон кўргазмаси учун қурилган. У америкалик меъмор ва ихтирочи Бакминстер Фуллер томонидан ишлаб чиқилган. Гигант биосфера пўлатдан ясалган тўпдан бошқа нарса эмас. Пўлат иншоотни мустаҳкам қилади, кўпбурчакли конструкция эса юқори босимга бардош беришга имкон беради. Бу футуристик бино марваридга ўхшайди. Чироқларни ўзида акс эттириш орқали биосфера атрофни ёритади.
Krzywy Domek
«Кшывы домэк» польшаликлар тилидан «қийшиқ уй» деб таржима қилинган. Лекин қанчалик қийшиқ бўлмасин уй бузилмайди. Эгри уйнинг ичида ресторанлар, офислар ва радиостанцияга эга савдо маркази жойлашган. Бино бутунлай эгри ва қия чизиқлардан иборат бўлиб, 2004 йилда меъморлар Шотинский ва Залевский томонидан қурилган. Бу ерда сиз биронта тўғридан-тўғри чизиқни топа олмайсиз. Мафтункор бу уй гўё рақсга тушаётганга ўхшайди.
Casa do Penedo ёкиТош-уй
Ибтидоий даврлар муҳитига эга бу меъморий ёдгорлик Португалияда жойлашган. Қурилиши икки йил давом этган уй биносининг пойдевори, деворлари ва шифти тўртта тошдан иборат. Дастлаб, эгаси ундан дам олиш жойи сифатида фойдаланган. Бугунги кунда жуда кўп сайёҳларни жалб қиладиган кичик музейга айланган. Унинг ичида яқин атрофларда топилган кичик артефактлар ва фото суратларни топиш мумкин. Агар сиз ушбу уйга ташриф буюришни режалаштирмоқчи бўлсангиз, билингки, электр йўқ, шунинг учун кундуз куни келишингиз керак.
Лотус ибодатхонаси
Очилаётган гулни эслатадиган ушбу ажойиб бино Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида жойлашган. Шаҳарнинг асосий диққатга сазовор жойига айланган, 2500 кишига мўлжалланган маъбадга ташриф буюриш учун сиз диндор бўлишингиз шарт эмас: Баҳаий динининг бошқа ибодатхоналари каби, у барча учун бирдек очиқ. 27 та гўзал мармар барглари тўққиз қиррали шаклни ҳосил қилиш учун учта гуруҳда бирлашади.
Атомиум
Яна бир ҳақиқий санъат асари, Бельгия пойтахти Брюсселнинг рамзи бўлган ушбу бино дастлаб 1958 йилги Жаҳон кўргазмасининг очилиши учун қурилган. Ҳар бири 18 метр диаметрли бенуқсон шарлар 165 миллиард марта катталаштирилган темир кристаллнинг атомини ифодалайди. Сфералар бир-бирига зинапоялар, эскалаторлар ва лифтларни ўз ичига олган қувурлар орқали боғланган. Уларнинг ичида зал ва сайёҳлар учун жойлар бўлиб, энг тепада Брюсселнинг гўзал панорамали кўриниши очиладиган ресторан жойлашган.
Канзас шаҳар жамоат кутубхонаси
1873 йилда очилган диққатга сазовор жой - шаҳар жамоат кутубхонаси Канзас-Сити шаҳар марказида жойлашган. Улкан китоб жавонига ўхшаган мажмуа 2004 йилда қурилган бўлиб, унинг орқасида автотураргоҳ яширинган. Автотураргоҳни «китоб жавонига» айлантириш ғояси бинонинг қопламасини янгилаш заруратидан келиб чиққан. Китобларнинг баландлиги 3-7 метрга тенг. «Муқовалар» бетон панеллар устига қўлланиладиган термопластикдан қилинган.
Ҳабитат 67
Ўйинчоққа ўхшайдиган «Ҳабитат 67»Канаданинг Квебек штати ҳудудидаги модулли турар-жой мажмуаси ҳисобланади. Исроиллик архитектор Моше Сафди ушбу бино ғоя муаллифи. Дастлаб макетлари ЛЕГО ғиштларидан ясалган мажмуа 1967 йилда бўлиб ўтган «Экспо-67» бутунжаҳон кўргазмаси учун павильон сифатида қурилган. Шубҳасиз, бу бино Монреал ва Канаданинг энг машҳур диққатга сазовор жойларидан биридир. 2017йилда у 50 ёшга тўлди ва Канада почтаси ушбу санага атаб эсдалик маркаларини чиқарди.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.