Енгил атлетика бўйича Марказий Осиё очиқ чемпионатида Ўзбекистон чемпионликни қўлга киритди
Аввал хабар берганимиздек, 24-25 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳридаги “Афросиёб Арена” спорт мажмуасида енгил атлетика бўйича Марказий Осиё тўртинчи очиқ чемпионати бўлиб ўтди.
Мусобақада ҳамюртларимиз билан бирга, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Таиланд ва Малайзия каби давлатлардан келган маҳоратли спортчилар югуриш йўналишида, техник йўналишлар, яъни баландликка сакраш, таяниб сакраш, узунликка сакраш, диск, болға ва найза улоқтириш бўйича курашдилар.
Чемпионат натижасига кўра, ўзбекистонликлар 25 та олтин, 27 та кумуш ва 27 та бронза медали билан чемпионликни қўлга киритди.
Иккинчи ўрин 3 та олтин, 5 та кумуш ва 3 та бронза медалига сазовор бўлган Туркманистон жамоасига, учинчи ўрин 3 та олтин, 3 та кумуш, 1 та бронза медалига эга чиққан Қирғизистон жамоасига насиб этди.
Шунингдек, чемпионат доирасида “Саве Арал-2022” халқаро хайрия марафони ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси кубоги учун оммавий югуриш мусобақасининг кузги босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақа якунида ғолибларга диплом, медаль ва эсдалик совғалари топширилди.