Ер олиб бериш учун 20 000 доллар талаб қилган шахс ушланди

Косонсойда ер олиб бериш учун 20 000 АҚШ доллари талаб қилган фирибгар ушланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Наманган вилояти бошқармаси томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро О.Р. бошқа фуқаронинг ишончига кириб, Косонсой тумани, Ёшлик массивидаги 0.50 га. ер майдонини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ишлаб чиқаришда фойдаланиш учун ажратиб бериш ҳамда келгусида бино иншоотлар қуришда кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 20 000 АҚШ доллари талаб қилиб, шундан, 15 000 АҚШ доллари ва 48 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан О.Р.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилгани айтилмоқда.

Хабарда таъкидланишича, ҳозирги вақтда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.