Рухсатсиз кўча ва йўлакларни қазиш жарима тўланишига сабаб бўлади
Кеча, 3 май куни телеграм каналимизда Самарқанд шаҳри Гулобод кўчасида шаҳар электр таъминоти корхонаси ходимлари томонидан ер кавлаш ишлари олиб борилганлиги, аммо ўн кундан буён кўча аввалги ҳолатига келтирилмаётганлиги хусусида мурожаат эълон қилган эдик.
Мурожаатда кўтарилган муаммо юзасидан “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Самарқанд ҳудудий филиали ҳамда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматлари жавоб йўллади.
“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Самарқанд ҳудудий филиали маълумотида айтилишича, мурожаатда келтириб ўтилган манзилда «Чашма» подстанциясидан чиқувчи 393-фидернинг 6 кВ ер ости кабель тармоқлари ўтказилган. Мазкур ер ости кабель тармоғининг айрим қисмида носозликлар кузатилган.
"Айни пайтда электр таъминоти корхонаси ходимлари томонидан ушбу тармоқнинг бошқа қисмларида ҳам монтаж ишлари олиб борилмоқда. Шу сабабли белгиланган ишлар якунлангач, тез кунларда Гулобод кўчасида ҳолат ҳам тўлиқ бартараф этилишини маълум қиламиз", дейилади хабарда.
***
Мазкур ҳолат бўйича Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати қуйидагилар маълумотни тақдим этди:
"Хабарда айтилган ҳолат тезда жойига бориб ўрганилди ва ҳақиқатан ҳам ҳудудда электр энергиясида узилиш бўлганлиги ҳамда муаммони бартараф этиш ишлари кўчани кавлаб амалга оширилиши мумкинлиги маълум бўлди.
Бироқ ишларни ташкил этиш белгиланган талаблар асосида олиб борилмаганлиги сабабли мутасадди ташкилотлар томонидан ноқонуний хатти-ҳаракатларни амалга оширганларга нисбатан тегишли тартибда далолатнома тузилиб, чора кўрилди.
Айни пайтда ишлар якунланиш арафасида ва кун якунига қадар муаммо тўлиқ бартараф этилади ва кўчанинг қазилган қисмига асфальт ётқизилади".