Ери йўқ, аммо қорамоли бор фермернинг дарди

Таҳририятимизга Оқдарё туманидаги “Абдураззоқ бобо” фермер хўжалиги бошлиғи Жасур Абдурайимовдан шикоят хати келди.

Мурожаатда билдирилишича, хўжалик тасарруфида 13,7 гектар ер майдони бўлган. Бироқ жорий йил бошида ўтказилган хатловда чорва бош сони кам, деб топилиб, хўжалик ерлари туман ҳокимлиги захирасига олинган.

Энди фермер қишлоқнинг ўртасидаги молхонада санитария талабларига зид равишда чорва молларини асрашга мажбур. Бир томонда чорва озуқаси ташвиши, бир томонда кунлар исигани сайин молхонадаги бадбўй ҳид туфайли бу ерда яшовчи аҳоли жабр кўряпти.

Фермернинг чорва молларини олиб чиқишга ер майдони йўқ. Фермер қонунчиликни билмаслиги ва унда тажриба етишмаслиги боис маблағни кирим-чиқим қилмаган. Лекин хўжаликда ҳозирда 37 бош чорва моли боқилаётганини ҳисобга олиб ёш фермерга яна бир бор муддат ва имконият бериш керак эмасмикан?

Бир хўжаликни тугатишдан осон иш йўқ, янгисини шу даражага етказишга яна неча йиллар кераклигини унутмайлик.

Ўктам Худойбердиев,

zarnews.uz мухбири.