Эрман баргли амброзия ердан азот, фосфор ва 950 тонна сувни ўзлаштиради

Эрман баргли амброзия карантин бегона ўти деярли барча дала экинларини ифлослантириб, сабзавот ва ҳайдалма экинлар орасида кучли тарқалади. Амброзия  маданий экинларга қараганда тупроқдаги озуқа моддаларини кўп ўзлаштиради ва ҳар қандай тупроқни юқори даражада кучсизлантиради. Бир тонна қуруқ модда ҳосил бўлиши учун эрман баргли амброзия тупроқдан 15,5 килограмм азот, 1,5 килограмм фосфор ва қарийб 950 тонна сувни ўзлаштиради.

Амброзия билан ифлосланган далаларда ишлар сифати ёмонлашиб, далаларда етиштирилган буғдойнинг оқсил таркиби 0,5 фоизга, шишасимонлиги эса 1 фоизга пасаяди.

Бундай бегона ўт кўпайишининг олдини олишда беда, жўхори, тариқ каби силлиқ юзали уруғларни электромагнит тозалагич машиналарда ёки уларни ош тўзи 10 литр сувга 150 грамм эритмасига солиш йўли билан тозалаш мумкин. Бунда амброзиянинг уруғлари эритма юзасига қалқиб чиқади, асосий дон эса унинг тубига чўкади. Далаларни эрман баргли амброзиядан тозалашда агротехник тадбирларнинг вақтида ўтказилиши ҳам муҳим ҳисобланади. Амброзия билан кучли зарарланган ерларда қора шудгор яхши натижа беради. Бунда ишлов бериш тадбирлари тўғри бажарилганда амброзия билан ифлосланганлик 70-80 фоизга камаяди. Кучли ифлосланган далаларда икки йил узлуксиз кузги ғалладошларни етиштириш (ҳосили йиғиб олингач, ярим қора шудгор қилиш) ҳам яхши натижа беради.

Акрам ФОЗИЛОВ,

вилоят ўсимликлар карантини давлат инспекцияси матбуот котиби.