Эссиз меҳнат, эссиз маблағ ёки тизим йўқлигининг оқибатлари ҳақида аниқ мисоллар

Вилоятда 274,2 гектар ер майдонида 69 та кичик саноат зоналари ва 43,1 гектар ер майдонида 16 та ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ташкил этилган.

Ер майдонининг 54,1 гектари инфратузилма объектлари учун ва уларни қуришга маҳаллий бюджетдан 96,4 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бироқ саноат зоналарига лойиҳа жойлаштирилиши ҳақида илиқ фикр билдириб бўлмайди. Мисол учун, лойиҳа жойлаштириш мумкин бўлган 263,2 гектар ер майдонининг 126,4 гектари ёки 48 фоизи бўш турибди. Шунингдек, 29,7 гектар ер майдонига эга 14 та саноат зонасида бирорта ҳам лот аукцион савдоларига чиқарилмаган.

Лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳам қониқарли аҳволда эмас. Негаки, 136,7 гектар ерга жойлаштирилган 552 та лойиҳанинг 408 таси ишга туширилмаган. Ишга туширилмаган 128 та лойиҳанинг 81 тасида 2 йил ва 47 тасида 2 йилдан зиёд вақт давомида қурилиш ишлари бошланмаган.

Бугунги кунга қадар кичик саноат зонаси иштирокчилари томонидан йиллар давомида ер участкасидан самарасиз фойдаланилганлиги сабабли 75 та ҳолат юзасидан суд органлари орқали 20,8 гектар ер майдони давлат захирасига қайтарилиб, қайта аукцион савдоларига чиқариш бўйича тегишли таклифлар берилган.

Қайд қилинганларга қарамасдан саноат зоналарида ишга туширилган лойиҳалар ҳам бор. Таҳлилларга кўра, уларда ҳам эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар мавжуд. Жумладан, саноат зоналарида ҳисоботлар бўйича ишга туширилган 169 та лойиҳа жойида ўрганилганда 41 тасида бир йилдан зиёд вақт давомида ишлаб чиқариш тўхтаб қолгани, шундан 13 та лойиҳа ишга туширилмаганлиги аниқланган.

Саноат корхонаси ўрнига уй-жой қуриш фойдалими?

Албатта, ҳар бир лот аниқ мақсад, тўғрироғи, инвесторга муайян вазифа юклаб берилган. Бироқ айрим тадбиркорлар “Саноат зонасидан бўлсаям ерни олиб бўлдим, энди нима қилсам ўзим биламан” қабилида иш тутган. Ўрганишлар давомида саноат зоналаридаги ер майдонлари инвестиция мажбуриятларида кўрсатилганидан бошқа мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари ҳам аниқланган.

Масалан, 2018 йилда “Заринахон Сам престиж” хусусий корхонасига мебель ишлаб чиқариш лойиҳаси учун Оқдарё туманидаги “Даҳбед МТП” кичик саноат зонасидан 0,6 гектар ер майдони ажратилган.

Корхона томонидан инвестиция мажбуриятларни бажармаганлиги сабабли 2020 йил кичик саноат зонаси иштирокчиси мақоми бекор қилинган. Лекин айни ўша йилда ер майдони доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб берилган. Оқибатда корхона томонидан кўп қаватли турар жой қуриш учун ҳаракат бошланган.

Балки, саноат корхонаси қуриб, уни ишга туширгандан кўра, уй-жой қуриб пуллаш фойдалироқдир. Аммо ижтимоий масъулият-чи? Ахир, ер янги иш ўринлари очиш, солиққа қўшимча тушум манбаларини яратиш, пировардида туманнинг иқтисодий ҳолатини яхшилаш учун ажратилмаганмиди?

Боз устига ушбу кичик саноат зонасида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда қулай бўлиши учун 1,4 миллиард сўм бюджет маблағлари ажратилган. Аниқроғи, ҳудудда коммуникация тармоқларини қуриш учун шунча пул сарфланган.

Бундай ҳолат Пайариқ туманида ҳам аниқланган. Жумладан, тумандаги “Челак ММТП” кичик саноат зонасида тадбиркор "Шунқор Аҳмедов" хусусий корхонаси томонидан тикувчилик лойиҳаси белгиланган бўлса-да, ажатилган ер майдонида кўп қаватли уй-жой қурилаётганлиги аниқланган.

Савол туғилади, қайси ҳудудда тадбиркорлар томонидан қурилаётган кўп қаватли уй-жойларнинг коммуникация тармоқлари учун бюджетдан 1 миллиард сўм маблағ ажратилади?

Солиқ тушумлари кўнгилдагидек эмас

Фаолият кўрсатаётган 103 та корхонанинг солиқ ҳисоботлари таҳлил қилинган 2024 йил давомида 71 та корхона томонидан бор-йўғи 18,5 миллиард сўм солиқ тўланган. Жорий йилнинг биринчи чорагида 61 та корхона томонидан 4,7 миллиард сўм солиқ тўловлари амалга оширилган, холос.

Ваҳоланки, 2018 йилдан бошлаб ушбу саноат зоналарини ташкил этиш ва коммуникация тармоқларини қуриш учун 96,4 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлса, 24,5 минг квадрат метр давлат мулки биноси “ноль” қийматда берилган.

Бу рақамлар ҳали фойда у ёқда турсин, сарфланган маблағ қайтмаётганини кўрсатмайдими?

Таҳлилларга кўра, Самарқанд шаҳрида коммуникация тармоқлари мавжуд 3,8 гектар ер майдони ҳамда 3,7 минг квадрат метр бино “ноль” қийматда ажратилган. Лекин 2024 йилда 7,2 миллиард ва жорий йилнинг 1-чорагида 443 миллион сўм солиқ тўланган.

Бундай ҳолат нима деб номланади: ўзибўларчиликми ёки бепарволик?

Ҳар нима бўлганда ҳам мавжуд ҳолат фақат вилоят раҳбарини эмас, соҳа масъулларини, қуйидаги мутасаддиларни ҳам жиддий ўйлашга, зарур чора-тадбирларни амалга оширишга ундаши шарт.

Шу ўринда яна бир гапни айтиб ўтиш лозим. Кичик саноат зонаси иштирокчиси дирекция билан битим имзолайди. Ушбу битим асосида томонларнинг мажбуриятлари мавжуд бўлиб, КСЗ иштирокчиси томонидан инвестиция мажбуриятини бажариш, қурилиш-пудрат ишларини белгиланган меъёрлар асосида ўз вақтида якунлаш ва бу ҳақда дирекцияга маълумот тақдим этиши белгиланади.

 62,6 гектар ер майдонига эга бўлган 341 та лотларда жойлаштирилган лойиҳаларда бугунги кунга қадар қурилиш ишлари охирига етказилмаган ёки умуман бошланмаган.

Икки томон имзолаган битимга кўра, КСЗ иштирокчилари томонидан белгиланган мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда ва ёки ноқонуний хатти-ҳаракатлар кузатилган тақдирда дирекция томонидан тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда чоралар кўриши керак.

Мавжуд муаммо ва камчиликлар вилоят ҳокимлиги аппарат йиғилишида атрофлича муҳокама қилинди. Мутасаддилардан изоҳ сўралиб, аниқ топшириқлар берилди.

Ҳаммаси изига тушиб кетармикан?!

Ёқубжон Марқаев тайёрлади.