Эътиборга муҳтож ёшларга меҳр улашилди

Ёшлар ҳафталиги доирасида Самарқанд шаҳридаги касб-ҳунар мактабида “Меҳр-эътиборга муҳтож ёшларга меҳр улашиш – олийжаноб фазилат” деб номланган хайрия акцияси ташкил этилди.

Самарқанд вилояти касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси томонидан вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирга вилоятдаги касб-ҳунар мактабларида таълим олаётган 74 нафар ногиронлиги бўлган, ота-онасиз ўқувчилар, кам таъминланган ва ижтимоий кўмакка муҳтож оила фарзандлари таклиф этилди.

Вилоят прокурори Р.Машарипов, касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи А.Насимов ёшларни Янги йил байрами билан табриклаб ҳеч бир ёш эътибордан четда қолмаслигини таъкидлади. Ташкилотчилар томонидан ўқувчи-ёшларга иссиқ кийим-бош ва байрам совғалари топширилди.

– Кўрсатилган эътибордан кўнглимиз тоғдек кўтарилди, – дейди Самарқанд шаҳридаги касб-ҳунар мактаби ўқувчиси Фарида Раҳматова. – Жорий йилдан бошлаб тикувчиликни ўрганиш мақсадида касб-ҳунар мактабида ўқияпман. Бу ерни танлаганимдан хурсандман. Мактабда тикувчилик билан бирга инглиз тили, тадбиркорлик сирларини ҳам ўрганяпман. Келгусида моҳир тикувчи бўлиб, ўз бизнесимни йўлга қўймоқчиман.