Эзгулик, меҳр-оқибат байрами вилоятимизда кенг нишонланди

Вилоятимиз аҳли янгиланиш, уйғониш, яшариш байрамини нишонлаш баробарида, меҳр-мурувват, аҳиллик, тотувлик, ёши улуғ инсонлар, кўмакка муҳтож юртдошларимиз     ҳолидан хабар олишдек эзгу тадбирларга бош-қош бўлдилар.

Вилоятнинг асосий Наврўз тантаналари ўтказилган Самарқанд шаҳрида эрта тонгдан карнай-сурнай садолари янграб, эл байрам шодиёналарига чорланди. Шаҳарнинг ўндан зиёд масканларида халқ сайиллари ташкил этилиб, корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари томонидан азалий урф-одатларимизга мувофиқ дастурхон безатилди. Турли баҳорий таомлар, ширмой кулчалару патирлар, дошқозонларда тайёрланган сумалак дастурхонларга тортилди. Қизлар ўзбекона одатларга биноан келин саломлар қилдилар, йигитлар қадимий лапарлардан ижро этишди.
Вилоят ҳокими Т.Жўраев халқ билан мулоқот қилар экан, Наврўз кунларида фақат яхшиликлар ҳақида гапириш, йил бошидаги ишларга киришилиши олдидан истиқболли режалар белгилаб олиш ҳақида сўз юритди. Аллақачон далаларга чиқиб, эл дастурхонини тўкин қилиш мақсадини кўзлаётган бободеҳқон ва миришкорларимизнинг ишларига унум, хирмонига барака тилади.

"Димоққа ялпизлар нафаси урар…"

Регистон майдони ва Ислом Каримов кўчасида сумалак, кўк пичак, палов, кўк сомса каби миллий таомларимиздан каттаю кичик баҳраманд бўлди. "Яхшидан боғ қолади", деган ҳикмат бош ғоя сифатида олинган ушбу майдонда миллий ҳунармандчилик буюмлари кўргазмалари ташкил этилди.
– Коллежимиз ўқувчилари томонидан яратилган ўтов кўпчиликнинг эътиборини тортди, – дейди Оқдарё мактабгача таълим ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи директори ўринбосари Бекмурод Рашидов. – Ўтовни кўрган маҳаллий аҳоли, чет эллик меҳмонлар унинг яратилиши билан қизиқди. Айниқса, унинг Регистон майдонига ўрнатилгани ўзига хос кўриниш касб этди.
– Самарқандга тез-тез келиб тураман, – дейди фарғоналик Шерзод Мухамов. – Бу гал оиламиз билан келдик. Очиғи, кўп вақтдан бери кўнглимга тугиб юрган истакларим Наврўз айёмида ушалганидан хурсандман. Эрта тонгдан Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилдик. Регистон майдонидаги Наврўз сайиллари кенг миқёсда нишонланаётгани, турли кўргазма ва чиқишлар бизда катта таассурот қолдирди.
– Бизда ҳам баҳор байрами ўтказилади, – дейди япониялик Окано Масаюки. – Аммо сизлардагидек бу қадар кўп одам бўлмайди. Кўргазмалар ҳамда бир-биридан мазали таомларингиз эътиборимизни тортди. Айниқса, сумалак ва кўк сомсанинг ўзига хос мазаси бор. Самарқанддан бир олам таассурот олдик, Регистон ва Бибихоним мажмуалари билан танишдик.

"Ёшлик"да ёшлар сайли

"Ёшлик" маданият ва истироҳат боғида ўтказилган байрам тантаналарида Самарқанд шаҳридаги 4-болалар мусиқа ва санъат мактаби, педагогика ҳамда иқтисодиёт коллежлари жамоаларининг концерт дастурлари, баҳор, юртимиз таровати акс этган расмлар кўргазмаси намойиш этилди.
– Бугунги байрам мусиқа ва санъат мактаблари, коллежларда таҳсил олаётган ўқувчиларнинг ўз иқтидорини намойиш этиши учун майдон вазифасини ўтади, – дейди Юлдуз маҳалласида яшовчи Лола Рустамова. – Фарзандларим билан сайилга чиқиб, ёшларнинг 30 дан зиёд турли услубдаги ижролари, бўлажак рассомларнинг юртимиз жамолидан илҳомланиб чизган тасвирий санъат намуналарига гувоҳ бўлдик.

Табиат уйғониши

Амир Темур майдонида Самарқанд шаҳридаги умумтаълим мактаблари, "Баркамол авлод" маркази ҳамда Булунғур, Жомбой, Оқдарё, Ургут туманлари халқ таълими бўлимлари жамоалари ўзларининг миллий кўргазмалари, ижодий ишлари, қадимий урф-одатларимиз акс этган саҳна кўринишлари билан иштирок этди.
Доирачилар, рақс дасталарининг ижроси, ёш рассомлар кўргазмаси, ип йигираётган онахонлар, ўрмак тўқиётган момоларнинг кўргазмали чиқишлари одамларга завқ бағишлади.
– Самарқанддаги Наврўз сайилларига дугоналарим билан келдик, – дейди ургутлик Сайёра Каримова. – Кигиздан қилинган мана бу ўтов, олдида ип йигираётган момо, келида буғдой янчаётган аёл билан суҳбатлашиб, аждодларимизнинг ўтмишдаги яшаш тарзини ҳис этдик.

Боболар мероси – отамерос
анъаналаримиз кўзгуси

Вилоят мусиқали драма театри олдида театр жамоаси, чет тиллар институти томонидан миллий урф-одатларимизга хос кўргазмалар, миллий таомлар намойиши ҳавола этилди.
Айниқса, ёзги саҳнада "Сен баҳорни соғинмадингми?" мавзусидаги театрлаштирилган томошалар болажонларга ўзгача кайфият бағишлади.
– Ҳозиргина тўғри Париждан келдим, – дейди франциялик сайёҳ Ноэлли Пигаж. – Шундай чиройли, қадимий байрамни кўриш насиб қилганидан бахтиёрман. Қадим шаҳарнинг ранг-баранг безаклари, ўзбек аёлларининг гўзал миллий кийимларда, табассум билан байрамни нишонлаётгани ҳайратимни оширди. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлганман, аммо уларнинг ҳеч бирида асрлар давомида улуғланиб келинаётган байрамни кўрмаганман. Одамларнинг тарихга, миллий маданиятга, қадриятларга садоқатини кўриб, халқингизга ҳурматим ошди.

ҚАДРИЯТЛАР ФЕСТИВАЛИ

Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат  боғида вилоятдаги миллий маданий марказлар тайёрлаган бадиий дастурлар намойиш этилди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан "Ёшлар сайли" ҳамда болалар фестиваллари ўтказилди. Бу тадбирларга ёш олимлар, ижодкорлар, ҳаваскор хонандалар ва рассомлар, спортчилар, маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар етакчилик қилишди.
– Бу йилги байрам бир умрга эсда қоларли бўлди, – дейди Самарқанд шаҳридаги 12-умумтаълим мактаби ўқувчиси Моҳинур Акрамова. – Чунки тенгдошларим билан турли интеллектуал, миллий ўйинларда баҳс олиб бордим. "Наврўз ва ёшлар" мавзусида асфальт ва қоғозга расм чизиш акцияси жуда мароқли ўтди.
Айниқса, фестиваль доирасида "Очил дастурхон", арқон тортиш, тош кўтариш, миллий кураш, арғимчоқ,  қувноқ чавандозлар, куёв синаш, кўз боғлаш, сакраб югуриш, от ўйини, силлиқ тош, тортинмачоқ, тугун тугиш, тўп тепиш, ҳаккалаган қушчалар, хўрозлар жанги, чиллик каби миллий ўйинлар, варраклар сайли, китобхонлик викторинаси, миллий либослар кўргазмаси, "Ҳар бир сардорга бир ниҳол" лойиҳаси тадбирлари иштирокчиларга завқ-шавқ улашди.
Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси томонидан уюштирилган спорт мусобақаларида етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган спортчилар иштирок этди. 

"Зарафшон" мухбирлари хабарлари
асосида тайёрланди.
Бахтиёр МУСТАНОВ олган суратлар.