Фақат қиз туғиладиган қишлоқ
Ҳа, бу афсона эмас, айни ҳақиқат. Яъни, Польша билан Чехия чегарасидаги Мейсце–Оджонск деган қишлоқда бўлаётган ҳолат.
Мейсце-Оджонскнинг аҳолиси 300 кишидан иборат. Аммо гап аҳоли сонида эмас: қишлоқ илоҳий далил билан донг таратган. Бу ерда фақат қизлар туғилади.
Бу ғайритабиий ҳодиса қадим даврлардан буён давом этиб келади. Қишлоқ оқсоқоли ҳатто ўғил кўрган оилага катта мукофот ваъда қилган. Бироқ ҳозирча ғалати анъанани бузиш, яъни ўғил кўриш бирорта оилага насиб этгани йўқ.
***
Колумбнинг ҳийласи
Христофор Колумб ўзининг тўртинчи экспедицияси чоғида командаси билан Ямайкада бир йил яшашига тўғри келди. Маҳаллий аҳоли аввалига меҳмонларни жон-жон деб егулик билан таъминлаб турди. Аммо кейинчалик егулик келтириши камайди.
1504 йил 29 февралда тўлиқ Ой тутилиши кутилаётган эди. Колумб бундан фойдаланди. У ҳинду доҳийларига меҳмонларга яхши қарашмаётгани боис Худосининг жаҳли чиққанини билдирди. Ой қизариб, ғойиб бўлганида доҳийлар даҳшатга тушишди.
Шунда улар дарҳол “айбдор” эканликларини тан олишди. Бироз ўтиб Колумб уларни тинчитди: “Хавотир олманглар, сизлар кечирилдинглар, ана Ой яна кўринди”, деди.
Ҳиндулар хурсанд бўлиб, Колумб командаси аьзоларига яна егулик келтира бошлашди.
Т.Шомуродов тайёрлади.