Фидокорона меҳнатлар эътирофи

Мустақиллик, ҳурлик, тинчлик! Бу сўзларнинг ортида қанчадан-қанча аянчли тақдирлар, азоб-уқубатлар, мислсиз меҳнат, фидойилик, жасорат ётибди. Шу боис, юртимизда мустақиллик санаси ҳар йили катта шодиёналар, шукроналик тадбирлари билан қарши олинади. Юрт озодлиги учун қанчалик машаққат чекилган бўлса, уни асраб-авайлаш, мустаҳкамлаш, мамлакат ривожини таъминлаш учун ундан-да ортиқроқ масъулият талаб этилади. Жонажон ватанимиз мустақиллиги, тараққиёти йўлида фидойилик кўрсатаётганлар, садоқат билан меҳнат қилаётганлар анъанага кўра, истиқлол айёмида давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медаллари билан тақдирланади.

Бу йил ҳам Президентимизнинг тегишли фармонларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан юртимизнинг бир гуруҳ фидойилари давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Самарқандда ҳам вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаётида самарали меҳнат фаолияти билан алоҳида эътирофга сазовор бўлиб, давлат мукофотларига муносиб кўрилганлар кўпчиликни ташкил қилди. Бугун уларга юксак мукофотлар тантанали топширилди.

Мукофотланганларни вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов табриклаб, уларнинг хизматларини эътироф этди. Давлатимиз раҳбари эътибори ва ишончига муносиб бўлиб, бундан кейин ҳам самарали фаолият билан мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш ҳар бир самарқандлик елкасидаги улкан масъулият эканлигини таъкидлади.

– Маҳалладошларимизнинг ишончи туфайли бир неча йилдан буён маҳалла раиси вазифасида ишлаб келяпман, – дейди Ургут туманидаги Шодлик маҳалласи раиси, “Дўстлик” ордени соҳиби Рофе Носиров. – Давлатимиз томонидан бошқарувнинг мазкур бўғини ҳуқуқ ва ваколатларининг кенгайтирилиши, ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги роли оширилиши самарасини халқимиз ўз ҳаётида ҳис қилмоқда. Бугун бизнинг ҳам ўз айтар сўзимиз бор, кўп масалаларни ўзимиз давлат бошқарув органлари олдига қўйиб, муаммоларга ечим топяпмиз. Маҳалла бюджети шаклланмоқда ва ўз маблағимизга эга бўляпмиз. Байрам арафасида Президентимиз фармони билан берилган юксак мукофотни ҳам барча маҳалладошларимизники деб биламан, бунинг учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирамиз.