Ford, Honda, Peugeot каби машҳур брендларнинг биринчи автомобиллари қандай кўринишга эга бўлган?
Бугунги кунда автомобиллар бизга нафақат қулайлик ва бадастир ҳаракатланишни таъминлайди, балки тараққиёт ва технология тимсолига айланиб бормоқда. Ортга назар ташлаб, биз бу дунё қанчалик тез ўзгарганини ва келажакда бизни нималар кутишини тасаввур қила олишимиз қолади, холос.
Ford Model A (1903) ва Ford Explorer EV (2023)
Компания ўзининг биринчи “Model A” автомобилини 1903 йилда чиқарди. 8 от кучига эга, 1,6 литрли двигатель билан жиҳозланган ушбу машина автомобиллар оммавий ишлаб чиқарилишига асос солган саноатнинг муҳим босқичига айланди.
2023 йилда тақдим этилган электр қуввати билан жиҳозланган замонавий “Ford Explorer EV” автомашинанинг турли хусусиятларга эга бўлган бир нечта модификациялари чиқарилди. Катталаштирилган аккумуляторли автомобиль бир зарядланиш билан 540 километргача масофани босиб ўтиши мумкин.
Peugeot Tricycle (1889) ва Peugeot e-3008 (2023)
1889 йилда корхона атиги 4 дона уч ғилдиракли автомобилни чиқарган эди. Ўшанда ишлаб чиқарувчи ўзининг барча моделларини «Type2», «Type3» каби оддий рақамлар билан белгилашга қарор қилди. Оддийлигига қарамай, ушбу модель “Peugeot” брендининг муваффақиятли ривожланиши учун асос яратиб, кенг оммага тақдим этилган биринчи автомобиллардан бирига айланди.
Тўлиқ электр двигатель билан жиҳозланган замонавий “Peugeot e-3008” 2023 йилда тақдим этилган. Кўркам кўринишли ушбу кроссовер бир марта қувватланганда 700 километргача масофани босиб ўтиш имконини беради.
Honda T360 (1963) ва Honda CR-Ve-PHEV (2024)
Ишлаб чиқарувчининг биринчи “Honda T360” автомобили 1963 йилда тақдим этилган. Бу 30 от кучига эга кичик юк машинаси эди.
Замонавий “Honda CR-V e-PHEV” умумий қуввати тахминан 204 от кучига эга электр моторли гибрид тизим билан жиҳозланган. Бу автомобилда экологик тозалик, замонавий дизайн ва илғор технологиялар мужассамлашган.
Renault Voiturette (1898) ва Renault Scénic E-Tech (2024)
Ўзининг биринчи “Voiturette” кичик машинаси билан “Renault” автомобиль бозорига 1898 йилда кириб келди. Соатига тахминан 32 километр тезликда ҳаракатлана оладиган бу автомашина кучи ва самарадорлиги билан дарҳол кўпчиликни ҳайратда қолдирди. Шунингдек, оддий дизайн ва манёвр қобилияти туфайли у шаҳар аҳолиси орасида машҳур бўлди.
2024 йилда компания гибрид ва кроссовер сифатида қулайлик ва экологик тозаликни ўзида мужассам этган “Scénic E-Tech” моделини тақдим этди. Автомобиль 800 километргача бўлган қувват захирасига эга, бу эса оилавий саёҳатлар учун идеал танловдир. Айтганча, ушбу модель 2024 йилда Европада “Йил автомобили” деб тан олинди.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.