Аравалардан тортиб, замонавий спорткар автомобилларигача...

Ferrari, Chevrolet, BMW каби машҳур брендларнинг биринчи автомобиллари қандай кўринишга эга бўлган?

Ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган автомобиллар брендлари ва моделлари ихчам хетчбекларидан тортиб, ҳашаматли спорт автомобилларигача ҳайратланарли ва хилма-хил. XIX аср охири, XX асрнинг бошларида пайдо бўлган автомобиль саноатининг биринчи моделлари замонавий машиналарга ўхшамасди ва бир вақтлар автомобиль маркаларининг аксарияти "ўзиюрар файтунлар" деб аталган.

Ferrari 125 S (1947) ва Ferrari 12 Cilindri(2024)

Ferrari ўзининг “Ferrari 125 S модели дебютини 1947 йилда қилди. Афсонавий муҳандис Жоаккино Коломбо томонидан ишлаб чиқилган ушбу автомобиль 118 от кучига эга эди. У пойгаларда қатнашиб, бренднинг пойга мероси бошланишини белгилади.

2024 йилда чиқарилган 830 от кучига эга замонавий Ferrari 12 Cilindri” эса 3 сониядан камроқ вақт ичида 100 км/соатгача тезликни оширади ва 340 км/соатгача максимал тезликка эриша олади. Ferrari ақлбовар қилмайдиган куч ва ҳашаматли дизайнни бирлаштирган автомобилларни яратишда давом этмоқда.

BMW 3/15 (1927) ва BMW M2 (2023)

Компания ўзининг биринчи “BMW 3/15кичик шаҳар автомобилини 1927 йилда Британиянинг Austin 7 лицензияси остида яратди. Оммавий бозор учун оддий, тахминан 15 от кучига эга автомобиль илгари самолёт двигателлари билан шуғулланган компаниянинг автомобиль ишлаб чиқаришнинг муваффақиятли иш бошлашига йўл очди.

2023 йилда ишлаб чиқарилган 453 от кучига эга олти цилиндрли қайта тикланган BMW M2” модели атиги 4,1 сонияда 100 км/соат тезликка эришади. Унинг максимал тезлиги тахминан 285 км/соатга етади. Ушбу спорт автомобилда динамик қулайлик ва замонавий технологик инновациялар мужассамлашган.

Opel Patent Motor Car (1899) ва Opel Frontera (2024)

Опель немис муҳандиси Фридрих Лутцманнинг ишланмаларига асосланганPatent Motor Car System Lutzmann деб номланган биринчи автомобилини 1899 йилда тақдим этди. Оддий дизайнга эга машина тутқичлар ёрдамида бошқарилар эди. Ушбу модель компаниянинг автомобилсозлик саноатига қилган биринчи қадами бўлди ва шундан сўнг Опель йирик автомобиль ишлаб чиқарувчиси сифатида жадал ривожлана бошлади.

Фронтеранинг биринчи модели 1991 йилда чиқарилган бўлса-да, замонавий иккинчи авлод -Opel Frontera” 2024 йилда чиқарилган.

Chevrolet Series C Classic Six (1913) ва Chevrolet Equinox EV (2024)

1913 йилда Chevrolet Series C Classic Six” автомобилини ишлаб чиқарди. Бу ўз даври учун 4 эшикли кузов ва кучли 6 цилиндрли двигателга эга ҳашаматли автомобиль эди. Айтганча, ушбу моделнинг ҳозирги кунгача сақланиб қолган фақат иккита нусхаси маълум.

Chevrolet Equinox” биринчи марта 2004 йилда чиқди, аммо унинг янгиланган EV номли электрон версияси 2024 йилда тақдим этилди. У қувват захираси 513 километрга етадиган 216 дан 292 от кучига эга электр станцияси билан жиҳозланган.

Toyota АА (1936) ва Toyota bZ3C (2023)

Toyota 1936 йилда АА моделини чиқарди. Ўшанда 62 от кучига эга олти цилиндрли двигателга эга ушбу седан компаниянинг биринчи ишлаб чиқариш модели бўлганди.

Қизиқарли факт: компания асосчисининг отаси муаммо юзага келганда автоматик тарзда ўзини тўхтата оладиган тикув дастгоҳни ихтиро қилган. Кейинчалик бу технология Toyota автомобиль ишлаб чиқариш тизимида қўлланила бошланди.

2023 йилда тақдим этилган Toyota bZ3C тўлиқ электр қуввати билан жиҳозланган. Ҳозирда компания дунёдаги энг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.

(Давоми бор).