«Фуқаролик ташаббуси» мукофоти: Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаоллари тақдирланди
1–5 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган «Фуқаролик жамияти ҳафталиги» мамлакатимизда фуқаролик институтларини қўллаб-қувватлаш, аҳоли фаоллигини ошириш ва давлат-жамият мулоқотини мустаҳкамлашда муҳим майдон бўлиб хизмат қилди.
Унда давлат идоралари, миллий парламентимиз аъзолари, ННТлар, халқаро экспертлар ва кенг жамоатчилик иштирок этди.
Таъкидлаш ўринлики, ҳафталик доирасида жамиятнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди, «2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепция» ижроси кўриб чиқилди, «2030 йилга қадар ривожлантириш Концепцияси» лойиҳаси бўйича фикр ва таклифлар билдирилди.

Асосий воқеаларидан бири «Фуқаролик ташаббуси» миллий мукофоти ва «Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишонини топшириш маросими бўлди. Мазкур миллий мукофот бу йил илк бор ўтказилиб, унга 350 дан ортиқ номзодлар ҳужжат тақдим этди. Сўнгги икки йилда фаоллик ва ташаббус кўрсатган юртдошларимиз бешта асосий йўналиш бўйича – фуқаролар ҳуқуқлари, ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, экология, ижтимоий ҳимоя ва хотин-қизлар масалалари бўйича тақдирланди. Бу жараён ННТлар ва фуқаролик фаолларининг саъй-ҳаракатлари эътибордан четда қолмаётганини яна бир бор тасдиқлади.
Шу билан бирга, фуқаролик жамияти соҳасида кўп йиллар давомида самарали меҳнат қилган республика ва хорижий ташкилотлар вакилларига «Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони топширилди. Миллий қомусимиз қабул қилинган куни арафасида 26 нафар фаолнинг ушбу мукофотга муносиб кўрилгани уларнинг мамлакат тараққиётига қўшган ҳиссасини янада юксакроқ эътироф этди.
Тақдирланганлар орасида вилоятимиздан Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази вилоят бўлими раиси Сайёра Салимова ҳам бор.
- Кўкрак нишони билан тақдирланганим юксак эътироф, - дейди С.Салимова. - Илгари ННТларга бундай катта имкониятлар бўлмаган, ҳозир эса фаолиятимиз учун кенг шароитлар яратилмоқда. Биз бундан жуда миннатдормиз ва келгусида яна ҳам йирик лойиҳалар билан халқимизга сидқидилдан хизмат қилишга тайёрмиз.