Фуқаронинг мурожаатини ўз вақтида кўриб чиқмаган мутасадди жаримага тортилди
Жомбой тумани «Зарафшон» маҳалласида яшовчи фуқаро М.С туман адлия бўлимига мурожаат қилиб, туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабига кириш учун топширган онлайн аризаси ўз вақтида кўриб чиқилмаганидан норози бўлиб, адлия бўлимига мурожаат қилган.
Мурожаатни ўрганишда фуқаро М.С.нинг спорт мактабига кириш учун топширган онлайн аризаси адлия бўлими ташаббуси билан кўриб чиқилиши таъминланиб, фуқаронинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликлари тикланган.
Яъни, фуқаронинг электрон тарзда юборган мурожаати ўз вақтида кўриб чиқилмасдан, қонунбузилишига йўл қўйган спорт мактаби масъул ходими Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 255-5-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида жарима жазосига тортилган.
Қонунчилик ҳужжатларига қарайдиган бўлсак, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 3 ноябрдаги «Спорт соҳасида давлат хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган «Давлат спорт-таълим муассасаларига ўқувчиларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ҳамда уларнинг ўқишини кўчириш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг Маъмурий регламенти 14-бандида, спорт таълим муассасаси масъул ходими сўровномани уч иш кунида кўриб чиқиши ва қабул комиссиясига йўналтириши ёки сабабини кўрсатган ҳолда қайтариши ҳамда бу ҳақда ариза берувчига хабар юбориши, 18-бандида, қабул комиссияси бир иш кунида сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатларни имтиҳон топшириш учун қабул қилиш ёки сабабини аниқ кўрсатган ҳолда қабул қилишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилишини белгилаб қўйилган.
Бу билан адлия органи томонидан фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликлари самарали ҳимоя қилиниши таъминланган.