Фуқаронинг талабини қониқтирадиган бошқа уй-жой таклиф қилиш чоралари кўрилмоқда

Ижтимоий тармоқларда фуқаро М.Расулованинг хонадонидан мажбурий тартибда чиқарилаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Мазкур хабар юзасидан шуни маълум қиламизки, Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2018 йил 6 июлдаги 1217-Қ-сонли қарорига асосан Самарқанд шаҳри Навоий шоҳкўчасида жойлашган, замонавий шаҳарсозлик талабларига мос бўлмаган 2 қаватли 43, 45, 47 ва 49-уйлар ҳамда ҳудуддаги гаражларни “Silk voyage” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан белгиланган тартибда кўчириб, замонавий архитектура лойиҳа ҳужжатлари асосида 4 қаватли турар жой бинолари қуриш белгиланган.

Самарқанд шаҳар ҳокимининг юқорида келтирилган қарорига асосан Навоий шоҳкўчаси, 49-уй, 6-хонадон эгаси Мамлакат Расуловага тегишли бўлган, бузилиши режалаштирилган хонадон эвазига товон тариқасида Самарқанд шаҳар Гагарин кўчаси, 132-уй, 4-хонадонни мулк ҳуқуқи асосида расмийлаштириб бериш таклиф қилинган.

Бироқ Мамлакат Расулова ушбу таклифни рад этганлиги сабабли Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ва қўшимча даъвогар - “Silk voyage” масъулияти чекланган жамияти даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2019 йил 7 июндаги қарорига асосан қарздор Мамлакат Расуловани Самарқанд шаҳар Навоий шоҳкўчаси, 49-уй, 6-хонадондан мажбурий тартибда Самарқанд шаҳар Гагарин кўчаси, 132-уй, 4-хонадонга кўчириш ҳамда Самарқанд шаҳар, Гагарин кўчаси, 132-уй, 4-хонадонни жавобгар М.Расуловага мулк ҳуқуқи асосида расмийлаштириб, хонадон унга топширилгандан сўнг Самарқанд шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 49-уй, 6-хонадонни қўшимча даъвогар - “Silk voyage” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан бузиш белгиланган.

Мазкур ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими иш юритувига 2019 йил 23 сентябрда келиб тушган.

Ижро ҳужжати бўйича Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 23-моддасига асосан ижро иши юритуви қўзғатилиб, қарор нусхаси қарздор М.Расуловага ижро қилишлик учун топширилган ва бу тўғрисида шахсан қарздорга имзо қўйдирилиб, қарздор М.Расуловага хонадондан кўчиши тўғрисида ихтиёрий 15 кунлик муддат берилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2019 йил 10 октябрдаги ажрими билан фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2019 йил 7 июндаги қарорининг ижроси иш назорат тартибида кўрилгунга қадар тўхтатилган.

Ушбу фуқаролик иши бўйича суд қарори ижросини тўхтатиш ҳақидаги Олий  суд ажрими Олий суд раҳбариятининг 2019 йил 25 ноябрдаги №6-1889-19-сонли хати билан бекор қилинган ва ижро ҳаракатлари давом эттирилган.

Жорий йилнинг 11 декабрь куни суд қарори ижросини таъминлаш мақсадида ижро ҳаракатлари тайинланган. Лекин М.Расулова давлат ижрочисининг қонуний талабларини бажаришдан бош тортган.

Ижро ҳаракатлари давомида қарздор М.Расулова суд қарорини ихтиёрий бажариш учун такроран муддат сўраганлиги сабабли ижро ҳаракатлари бошқа кунга қолдирилган.

Ҳозирги кунда М.Расулованинг важларини инобатга олган ҳолда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан унга талабларини қониқтирадиган бошқа уй-жой таклиф қилиш чоралари кўрилмоқда.

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси.