Газ идораси ходими фирибгарлик жиноятига қўл урди

“Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти Самарқанд вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали ходими Ж.А. ўзига берилган ваколатидан ғараз мақсадларда фойдаланиб, ноқонуний даромад олиш мақсадида шу йилнинг октябрь ойида Самарқанд туманининг Қуйи туркман маҳалласида яшовчи фуқаро Ф.М.нинг хонадонига борган.

Ж.А. ушбу хонадонда ташкил этилган новвойхонада табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётганлигини аниқлаб, тегишли тартибда расмийлаштириш ўрнига, фуқаро Ф.М. газ тармоғига ноқонуний уланганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилган тақдирда давлат фойдасига 5 миллион сўм жарима тўлаши кераклигини айтиб, уни қўрқитган ва алдаган ҳолда агар унга хизмат ҳақи тариқасида 2 миллион сўм берса, табиий газ тармоғига ноқонуний уланганлигини хаспўшлашини ҳамда тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб беришини ваъда қилган. Фирибгарлик йўли билан қўлга киритган 2 миллион сўмни эса ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган.

Фуқаро Ф.М. ушбу фирибгарлик ҳақида Мажбурий ижро бюроси Самарқанд тумани бўлимига мурожаат қилгандан сўнг бундан хабар топган газ таъминоти ҳудудий филиали ходими Ж.А. қилмиши учун жавобгарликдан қочиб қутулиш мақсадида фуқаро Ф.М.нинг жияни Б.М.га мурожаат қилиб, амакисидан олган пулларини тўлиқ қайтариб беришини ваъда қилган. Тоғаси томонидан ёзилган аризани қайтариб олишни илтимос қилиб, Б.М.га 200 АҚШ доллари берган.

Фуқаро Б.М. фирибгар ходим Ж.А. берган ушбу пулларни МИБ Самарқанд тумани бўлимига ашёвий далил тариқасида топшириб, бўлган воқеани баён этган.

Ушбу ҳолат бўйича ўтказилган терговга қадар текшириш натижаларига кўра, Мажбурий ижро бюросининг Самарқанд тумани бўлими томонидан Самарқанд вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали 2-сонли участкаси ходими Ж.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга тегишлилик масаласини ҳал этиш учун туман прокуратурасига юборилди.

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси.