Газ портлаши оқибатида уй эгаси ва унинг ўғли вафот этди

21 ноябрь соат 19:16 ларда Тошкент вилояти Қибрай тумани, Гулистон-3 кўчаси, 15-уйда газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлди, дея хабар қилди ФВВ матбуот хизмати.

Чақнаш оқибатида уйнинг бир қисми қулаб тушди, қолган қисмининг деворлари ва шифти ҳосил бўлган кинетик зарба натижасида деформацияга учраган.

ФВВ томонидан олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари вақтида, соат 19:45 да вайроналар остидан уй эгаси Х.Н. оғир аҳволда олиб чиқилиб, Тошкент шаҳар 7-клиник касалхонасига ётқазилди. Олиб борилган реанимацион муолажаларга қарамасдан, бемор соат 20:45 да вафот этган.

Шунингдек, олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари давомида соат 23:06 да уй эгасининг ўғли А.А.нинг жасади топилди.

Газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши хонадон ёнидан ўтган ер ости газ қувуридан табиий газ сизиб чиқиб, хонадоннинг ертўла қисмига тўпланиши тахмин қилинмоқда.

Воқеа жойига вилоят ҳокимлиги, ФВБ, ИИБ, ССБ, прокуратура ва бошқа тегишли идораларнинг куч ва воситалари жалб этилиб, тиклаш ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.