Газ баллонлар қаерда? Булунғурда аҳолидаги 2000 дан зиёд маиший газ баллонлар туман газ идораси ходимлари томонидан олингач, қайтариб берилмаган
Айтилишича, “Газ тўлдириб берамиз” деб аҳолидан бу газ баллонлар олинганига 7 ойдан ошиб кетган. Аҳолининг мурожаат қилмаган жойи қолмаган. Табиийки, газ баллон ном нишонсиз кетгач, минглаб хонадон қишни ҳам газсиз ўтказган.
Бу бўйича шикоят устидан шикоятлар туман, вилоят ва республикага ёйилгач, ўтган йил декабрь масала ҳуқуқ-тартибот идоралари эътиборига тушган. Ва ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Айтиш лозимки, булунғурликлар ҳали ҳам газ баллонларни қайтариб олишолгани йўқ. Булунғур тумани ҳокимлиги ахборот хизматига кўра, сайёр қабулларда аҳоли билан ишлашда ҳали ҳам кунда-кунора у ёки бу маҳалла вакили ҳар доимги масалани кўтаради: “Газ баллонимиз қани?”
Шу сабабдан туман ҳокими ва вилоят ИИБ ҳамкорлигида айни муаммо юзасидан маҳалла раислари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, ҳолат ҳақида маълумот бериш кўзда тутилган эди. Йиғилишда zarnews.uz вакиллари ҳам иштирок этди.
Йиғилишда иштирок этган “Ҳудудгаз” АЖ бўлим бошлиғи Ҳикмат Ғофуров газ баллонлар нишонсиз кетган фуқароларга тергов ишлари тугагунга қадар вақтинча “Ҳудудгаз” томонидан газбаллонлар берилишини маълум қилди. Аммо нима сабабдан бутун қиш давомида ана шу ишлар амалга оширилмагани очиқлигича қолди. Ғофуровга кўра, газ баллонларни “тўлдириб берамиз” дея олиб кетган ва қайтармаган газтаъминот корхонаси ишчилари билан бугунги кунда меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Самарқанд вилояти ИИБ тергов бошқармаси бўлим бошлиғи, подполковник Фахриддин Саидмуродовга кўра, газ баллонлар масаласида айбдорлар сўзсиз жазога тортилади. Унга кўра ҳозиргача айни масала юзасидан 55 киши билан сўроқ ўтказилган ва ҳар бир маҳалла кесимида ўрганишлар давом этади.
- Аҳолига ҳам бу бўйича илтимосимиз бор. Ҳозирда биз ишни тугаллаш учун ҳар бир маҳаллада тегишли фуқаролар билан суҳбат ўтказяпмиз. Аҳолидан ҳолат бўйича маълумотларни борича айтишларини истардик, фикримизча, андиша қилиш ҳам жиноятни тўлиқ очишда қийинчилик юзага келтириши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам барча маълумот йиғилиб, айбдорлар қонун олдида жавоб беради, - дейди Ф.Саидмуродов.
Йиғилишда маҳалла раислари, фаоллари ҳам ўз фикрини билдирди. Уларга кўра, маҳалла раислари йўқолган газ баллонлар масаласидан сўнг оғир аҳволда қолган, юзлаб одамлар қиш давомида улардан ҳам газ баллонларни қайтаришда амалий ҳаракат сўраган. Аммо маҳалла вакилларининг мурожаатлари ҳалигача ижобий ҳал этилмаган.
Zarnews.uz воқеаларни кузатиб бориб, якуни бўйича ҳам батафсил маълумот беради. Чунки қатор саволлар ҳозирча жавобсиз қолмоқда: Йўқолган газ баллонлар қаерга кетган, айбдорлар уларни нима қилган? Минглаб газ баллонлар тақдири номаълум, аҳоли қиш кунида қийин аҳволда қолган экан, бу ишни амалга оширган чилангарлардан ташқари "Булунғуртумангаз", "Ҳудудгаз" масъул ходимлари ҳаракатсизлигига ҳам ҳуқуқий баҳо бериладими? Ўйлаймизки, тергов ишлари якунланган бу саволларнинг жавоби ҳам ойдинлашади.