Газеталарнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари “кўринмай қоляпти”
“Ургут садоси” газетасининг расмий веб-сайти, фейсбук саҳифаси, телеграм канали ишламайди, газетанинг босма шакли ҳам чоп этилмайди. “Жомбой тонги”(Жомбой), “Пайариқ ҳаёти”(Пайариқ), “Истиқбол сари”(Қўшработ), “Пахтакор овози”(Нарпай) газеталарининг расмий веб-сайти ва фейсбук саҳифалари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Ижтимоий тармоқларда фаол бўлган “Пахтачи” газетасининг расмий веб-сайти умуман ишламайди.
Бу маълумотлар вилоят Матбуот уйида Ахборот ва омммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси томонидан вилоятнинг шаҳар ва туманлар ҳокимликлари муассислигида бўлган босма оммавий ахборот воситаларининг веб-сайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, мессенжерларидаги каналларининг таҳлили тўғрисидаги ҳисоботида қайд этилди.
Маълумотларга кўра, вилоятимиздаги 19 та вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари муассислигидаги расмий веб-сайти, фейсбук саҳифаси, телеграм каналлари ҳамда Ютуб мессенжеридаги каналлари ҳолати таҳлил қилинган. Ўрганишларга кўра, бугунги кунда барча газета таҳририятларининг расмий веб-сайти, фейсбук саҳифаси ҳамда телеграм месенжерида каналлари мавжуд.
Аммо, “Қўшчинор”, “Гулобод тонги”, “Нуробод”, “Булунғур ҳаёти”, “Каттақўрғон тонги” газеталарининг фейсбук саҳифаси юритилмаган ёки ойда 1-2 та материал жойлаштирилган. Энг яхши ишлаётган газеталарнинг телеграм каналларидаги обуначилари 500 тага ҳам етмайди. Фақат учта - “Қўшчинор”, “Истиқбол сари” ва “Каттақўрғон тонги” газеталари лотин алифбосида чоп этилаётган бўлса, қолган газеталар аралаш шаклда материал жойлаштирмоқда.
Ў.ХУДОЙБЕРДИЕВ.