Газлаштирилмаган маҳаллаларда яшовчи аҳолига кўмир тарқатиляпти
“Кўмир таъминот” масъулияти чекланган жамияти Самарқанд филиали томонидан вилоятимизнинг газлаштирилмаган ҳудудларида яшовчи аҳолига маҳаллаларнинг буюртмаси асосида кўмир маҳсулотлари тарқатилмоқда.
– Бу йилги мавсумда аҳолига 118 минг тонна кўмир етказиб беришимиз керак, – дейди “Кўмир таъминот” МЧЖ Самарқанд филиали раҳбари Сайфиддин Жуманов. – Темирйўл станцияларида жойлашган 8 та омбор ҳамда Қўшработ ва Ургут туманларидаги 4 та савдо шохобчамиз орқали газлашмаган ҳудудлар аҳолисига кўмир тарқатиляпти. Бунинг учун ҳокимликлар томонидан маҳаллалар кесимида рўйхат ва буюртмалар шакллантирилган. Ушбу рўйхат асосида истеъмолчиларга кўмирнинг бир тоннаси 300 минг 300 сўмдан сотилмоқда. Шу пайтгача 67 минг тонна кўмир тарқатдик. Жумладан, вилоятимизнинг олис ҳудудлари аҳолисига 19191 тонна, ижтимий-иқтисодий шароити оғир маҳаллаларга 17209 тонна кўмир етказиб берилди.
Бугунги кун ҳолатида омборларимизда 2589 тонна кўмир бор ва туманларга тарқатиляпти, эрта-индин Самарқандга яна 3450 тонна келтирилади. Йил якунига қадар белгиланган миқдорда кўмир олиб келиниб, истеъмолчиларга етказиб берилади.