Ғазода фаластинлик қурбонлар сони 109 кишига етди

Исроилнинг Ғазо секторига берган зарбалари оқибатида уч кун ичида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 109 кишига етди ва 600 дан зиёд одам жароҳат олди, деб айтмоқда Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги.

"Маҳаллий вақт билан бугун, 14 май куни соат 12:10 гача 109 киши вафот этди, шулардан 28 нафари вояга етмаганлар ва 15 нафари аёллар", дея маълумот берди вазирлик.

Риа Новости сайтининг ёзишича, ярадорлар сони 621 кишига етган.

Вазият Исроил ва Фаластиннинг Ғазо сектори ўртасидаги чегарада душанба куни кечқурун кескинлашган эди. Исроилнинг аҳоли пунктларига ракета ҳужумлари деярли доимий давом этмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, олти нафар тинч аҳоли ва битта исроиллик аскар ҳалок бўлган.
Эскалация бошланганидан буён Ғазо секторидан Исроил ҳудудига 1750 га яқин ракета отилган, улардан 300 га яқини Фаластин анклавида портлаган, дея маълум қилди Исроил армияси 13 май куни кечқурун. Исроил Ғазо секторига ҳужум қилиб, Фаластиннинг Хамас ва Исломий Жиҳод гуруҳлари нишонларига зарба бериши оқибатида бир неча жангарилар, жумладан юқори даражадаги саркардалар ҳалок бўлди.

Г.Холдорова тайёрлади.