Германия Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги экспорт салоҳиятини тан олади
Шу кунларда пойтахтимизда Германия Федерал озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги (BMEL) томонидан молиялаштирилган икки томонлама ҳамкорлик дастурини (ИТҲМ) ишлаб чиқиш борасида музокаралар жараёни давом этмоқда.
Мазкур ҳамкорлик дастурида Ўзбекистон аграр комплекси учун бир қатор муҳим масалалар, жумладан, озиқ-овқат хавфсизлиги билан бевосита боғлиқ бўлган органик қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси ва уларни молиялаштириш каби масалалар ўрганилади. Лойиҳа раҳбари, Германиянинг “GFA Consulting Group GmbH” компанияси бош агенти, жаноб Мальта Мюллер бошчилигидаги делегация вакиллари Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида бўлди.
Меҳмонлар университет салоҳияти ва унда фаолият олиб бораётган ўқув ва илмий лабораториялар фаолияти билан танишди.
Германия қишлоқ хўжалигини механизация қилишга алоҳида эътибор қаратади. Аҳолининг атиги 2-3 фоизи (Германия аҳолиси 82 млн. дан ортиқ) мазкур соҳада меҳнат қилмоқда ва юксак натижаларга эришилмоқда. Янги агросаноат технологияларининг амалиётга жорий этилиши ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш туфайли юқори кўрсаткичларга эришган. Германияда етиштириладиган буғдой мамлакат эҳтиёжининг 80 фоизини, шакар 85 фоиз, гўшт 60 фоиз, сут 100 фоизини қондиради. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг тўртдан уч қисми чорвачилик орқали келади. Шу билан бирга, Германия қишлоқ хўжалигининг ўзига хос иқлими Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчиларининг озиқ-овқат бозорига кириши учун шароит яратади. Мазкур лойиҳадан кўзланган мақсад ҳам шу.
Лойиҳага биноан мутахассислар замонавий технологияларни ҳисобга олган ҳолда барқарор экин етиштириш, чорвачилик соҳасида иш юритишнинг илғор немис усуллари, шунингдек, фермер хўжаликларини бошқариш кўникмалари Ўзбекистон шароитидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилади ва бунда университет олимлари, тадқиқотчилари билан яқиндан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилади.
Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотларини Германия бозорларига етказиб бериш, халқаро кўргазмалар ва ярмаркаларда Ўзбекистоннинг бренд маҳсулотларини намойиш этиш, логистика компанияларини ташкил қилиш ва, умуман, Ўзбекистоннинг бу борадаги экспорт салоҳиятини намоён қилиш икки томонлама ҳамкорлик лойиҳасининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.
Компания вакиллари 21 июндан 27 июнга қадар малакатимизда меҳмон бўлади. Чорвачиликка ва қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳалари билан шуғулланадиган хўжаликларда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишади.