Германияда энг юқори доирадаги сиёсатчи ҳам ишини маҳалла тизимидан бошлаган
Самарқандда ўтказилган давра суҳбатида нафақат мамлакатимиз, балки хорижда, хусусан, Германияда мавжуд бўлган маҳалла тизими, унинг механизмлари ҳақида гап борди.
“Ўзбекистонда маҳалла – демократиянинг асоси ва манбаи” мавзуида давра суҳбатида вилоят ҳокими ўринбосарлари, Конрад Аденауэр фондининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси раҳбари, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси масъуллари, фаол маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари иштирок этди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Олий Мажлис Сенати, адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ҳамкорлигида ташкил этилган конференцияда кучли фуқаролик жамияти сари ўтишда маҳалланинг роли ҳақида фикрлар билдирилди.
- Менга берилган мавзу ҳақида сўз юритишдан аввал Самарқандга бундан олти йил аввал келганимдаги ва ҳозир кўрганларим орасида жуда катта фарқни кузатганимни айтиб ўтмоқчиман, - дейди Германия Бундестаги ходими, ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича референт Кристиан Форнек. – Ободонлаштириш ишлари, кўчаларнинг қиёфаси тубдан ўзгарганига гувоҳ бўлдим. Бугунги анжуманда Германиядаги ўзини-ўзи бошқариш тизими – коммуналар ҳақида гапирмоқчиман. Германияда айни пайтда 14 минг маҳалла, яъни коммуна мавжуд. Бизда коммуналар фаолиятига катта эътибор қаратилади, сабаби фуқароларнинг ҳаётини шакллантиришда, энг кичик масаладан тортиб, ижтимоий аҳамиятга молик муаммолар бўйича ҳам бу тизимнинг аҳамияти катта. Коммуналар ўзларининг мустақил мактаби, боғча, шифохоналари, чўмилиш ҳавзалари ва ҳоказоларига эга. Маҳаллий доирадаги сайловлар жуда катта эътибор ва қизғинлик билан ўтади. Чунки ўз маҳалласидаги ривожланишдан фуқаролар манфаатдор. Алоҳида таъкидлаш керакки, Германияда энг юқори доирадаги сиёсатчи ҳам фаолиятини, аввало, маҳалладан бошлаган.
Коммуналар икки хил солиқни ўзларида олиб қолади, бу – ер солиғи ва ҳудудидаги тадбиркорликдан тушадиган солиқ. Аммо коммуналар зиммасида катта масъулият бўлгани учун бу маблағ етарли эмас. Мисол учун, Берлиндаги ҳукумат барча болалар икки ёшдан боғчага бориши керак, мазмунида қарор чиқарса, унинг ижроси бевосита коммуналарга бориб тақалади. Хусусан, ўз ҳудудида боғча учун ер ажратиш, уни қуриш учун маблағ топиш, боғчада ишловчиларни топишгача бўлган жараён коммуналарнинг зиммасида.
Шунинг учун коммуналарнинг молиявий ҳолати Германия сиёсатида муҳим масала. Тўғри, унинг баъзи харажатлари марказий ҳукуматдан тўлаб берилади, аммо бу етарли эмас. Шунинг учун марказий ҳукумат коммуналар борасида қарор чиқарар экан, унинг молиявий ҳолати ҳақида ҳам ўйлаб кўриши кераклигини кўп такрорлаймиз.
Таъкидлаш ўринлики, ушбу давра суҳбати республикамиз бўйлаб давом этаётган Фаол фуқаролар ҳафталиги доирасидаги тадбирлардан бири бўлди.
Анжуман доирасида ташкилотчи идоралар вакиллари ҳам сўзга чиқиб, мамлакатимизда маҳалла тизимида олиб борилаётган ишлар, тизимдаги ўзгариш ва янгиликларга тўхталиб ўтди.
Гулруҳ Мўминова.