Гидрометеорология ходимлари об-ҳавони қандай аниқлайди?

2020 йил 17 ноябрда давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унда бу соҳада амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор юмушлар белгилаб олинди.

Жумладан, гидрометеорология хизматини ривожлантириш, соҳани етук кадрлар ва замонавий технологиялар билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор берилди. Қурилганига 80 йилдан ошган бу бинода фаолият юритаётган вилоят гидрометеорология бошқармаси ходимларининг ҳам қилинажак юмушлари кўп. Шу жумладан, янгиликлар ҳам.

Бугун гидрометеорология ходимлари ҳаво ҳароратини, намлигини, шамол тезлигини, атмосфера босимини, тупроқ ҳароратини, булутлар миқдори ва уларнинг қуйи чегарасини аниқлаш мақсадида бир кунда 8 марта кузатув ишларини олиб боради. Ҳар уч соатда туманлардаги маълумотлар вилоят гидрометеорология бошқармасида йиғилади.

Об-ҳавонинг тозалиги бўйича Самарқанд шаҳрида тўртта пост 10 та кимёвий модда бўйича текшириш ишларини олиб боради. Ҳар куни уч маҳал лаборатория таҳлиллари ўтказилади. Шу орқали қайси ҳудудда қайси кимёвий модда ошгани ҳақидаги маълумотлар жамланади.

Вилоят гидрометеорология бошқармасида нафақат об-ҳаво маълумотлари, балки атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси, дарё ва сув ҳавзаларининг таркиби, дарахтлар ва ўсимликларни ривожланишида об-ҳавонинг таъсири ҳам ўрганилади. Мутахассисларнинг айтишича, бу йил нисбатан совуқ ҳаво оқими кўп бўлганлиги учун ғалланинг ўсиш суръати паст. Умуман, саноат корхоналарини барпо этишда, шамол тегирмонларини қуришда гидрометеорология маълумотларининг аниқ прогнози жуда муҳим.