Гўшт арзон бўладими – бу кимга ёки нимага боғлиқ?

Бугун аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи дунё миқёсида глобал муаммолардан бирига айланди. Маълумотларга кўра, айни пайтда сайёрамизда 840 миллиондан ортиқ киши тўйиб овқатланиш имкониятига эга эмас, кўп давлатларда аҳоли сони ва эҳтиёжи ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмига тўғри келмайди. Бунинг устига бугунга келиб, табиий маҳсулотлар ўрнини сунъий озиқ-овқатлар кўпроқ эгалламоқда.

Ана шундай шароитда ҳар бир давлат, аввало, ўз аҳолиси эҳтиёжини қондириш учун етарли миқдорда маҳсулот ишлаб чиқаришга эътибор қаратмоқда. Қолаверса, халқаро ташкилотлар доирасида ушбу масала ечими ҳақида бош қотирилмоқда. Бунда биринчи навбатда, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш талаб этилмоқда. Шунингдек, илм-фанга таяниш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш ҳам доимий эътиборда.

Бу борада мамлакатимизда ҳам тегишли дастурлар асосида иш олиб борилмоқда. Сабзавот, полиз экинлари, боғдорчилик ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш бўйича ишлаб чиқариш ҳажми анча юқори. Яъни аҳоли эҳтиёжидан орттириб, экспортга чиқариш имкониятимиз ҳам бор. Аммо кейинги пайтда асосий мавзулардан бирига айланаётган ўсимлик ёғи ёки гўшт нархининг ошиб кетиши ишлаб чиқариш ва эҳтиёж ўртасида номувофиқлик борлигини кўрсатмоқда.  

Ўтган йил мана шу пайтда пандемия сабабли юртимизда картошка нархи ошиб кетган эди. Бунга ҳам ишлаб чиқариш ҳажмидан эҳтиёжнинг юқорилиги сабаб бўлганди. Натижада хориждан картошка импорт қилинди. Шундан сўнг мавжуд имкониятдан самарали фойдаланиш учун пухта ҳисоб-китоб асосида картошка экилиб, ҳосил етиштирилди, етарли миқдорда захира қилинди. Самараси бугун бозорларимизда кўриниб турибди.

Худди шундай бу йил ўсимлик ёғи экин майдонларини кўпайтириш, соҳада илм ва инновация уйғунлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, ушбу маҳсулотнинг импорт ва экспорти масаласида ҳам вақтинча бўлса-да янги тартиблар жорий этилаётир. Бунинг натижаси ҳам тез орда кўзга ташланиб қолса, ажабмас.

Хўш, гўшт масаласида-чи? Нега бу маҳсулот нархини бозорнинг ўз қонуниятлари билан эмас, ташқи аралашув билан ушлаб туришга ҳаракат қиляпмиз? Аммо бу кутилган самарани бермаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Иқтисодчилар ва соҳа вакилларининг айтишича, бошқа давлатларда ҳам гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш таннархи арзон эмас ва импорт орқали муаммони ҳал этиш қийин. Дунё бўйича гўшт маҳсулотларига талаб ва эҳтиёж юқори. Муаммога ечим топишнинг энг мақбул чораси ўзимизда бор ресурслардан фойдаланиш.

Режалар катта, гап уларни амалга оширишда

Самарқанд – юртимизнинг аҳолиси энг кўп вилоятларидан бири. Йил сайин аҳоли сони ҳам, озиқ-овқатга бўлган талаб ва эҳтиёжи ҳам ошиб бормоқда. Ҳудудда сабзавот, полиз маҳсулотлари, узум ва бошқа мевалар керагидан ортиқча етиштирилади. Тухум ва парранда гўштини ҳам четдан келтиришга ҳожат йўқ. Фақатгина, шакар, ўсимлик ёғи, гўшт ва яна айрим маҳсулотларни республикамизнинг бошқа ҳудудларидан ёки хориждан келтириш керак.

Самарқанд вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси маълумотларига кўра, вилоят аҳолисининг гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш учун жорий йил ва яқин йилларга мўлжалланган дастурлар ишлаб чиқилган.  

– Биргина жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида чорвачилик тармоқларида умумий қиймати 350 миллиард сўмлик 50 та лойиҳа ишга туширилади, – дейди бошқарма бошлиғи Э.Тошмуродов. – Яъни чорвачилик соҳаси ривожланган Германия, Австрия, Нидерландия, Польша, Венгрия каби давлатлардан 7 минг бош юқори маҳсулдор наслли қорамоллар ҳамда 5 минг бош зотдор қўй ва эчкилар олиб келинади. Чорва моллари озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида 11,4 минг гектар асосий экин майдонларида, шунингдек, ғалладан бўшайдиган 28 минг гектар ерда такрорий экин сифатида юқори ҳосилдор экинлар экилади. 1 октябрга қадар бўрдоқичилик йўналишида янгидан 5 та (ҳар бири 300-500 бош қорамолга эга) янги лойиҳа ишга туширилади.  

Булунғур туманида “Samarqand KZT milk company” масъулияти чекланган жамияти томонидан агросаноат кластери ташкил этилиб, 5400 бош қорамол боқишга мўлжалланган йирик сутчилик ва бўрдоқичилик комплекси фаолияти йўлга қўйилади.  

Вилоятда фермер хўжаликлари ва аҳолига наслли чорва молларини етказиб беришни кўпайтириш мақсадида вилоятдаги чорвачилик наслчилик хўжаликлари сони 165 тага етказилади. Улар томонидан аҳоли хонадонларига 3,5 минг бош наслли қорамол етказиб бериш режалаштирилган. Маҳаллалар кесимида соҳани янада ривожлантириш учун “хонадонбай” ишлаш тизими жорий этилади. Бунинг учун вилоятдаги барча маҳаллаларга 570 нафар ветеринар мутахассислар бириктирилди. Улар ёрдамида аҳоли хонадонларидаги 360 минг бош сигирлар сунъий уруғлантирилади ва йил якунига қадар зоти яхшиланган қорамоллар сони 800 минг бошдан оширилиб, 52 фоизга етказилади.

Бўрдоқичилик ва сутчилик йўналишидаги чорвачилик кластерини ташкил этиш учун 25 миллион евро тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилади. Йил якунига бориб вилоятда қорамоллар сони 1 миллион 667 минг бошга, қўй ва эчкилар сони 2,6 миллион бошга етказилади, 1 миллион 350 минг тонна сут, 315,3 минг тонна гўшт ишлаб чиқарилади. Ана шундагина вилоят аҳолиси эҳтиёжидан ортиқча маҳсулот тайёрлашга эришилади.  

Озиқ-овқат хавфсизлигини барқарор таъминлашда паррандачиликни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Бу тармоқ аҳолини парҳез гўшти ҳамда тухум маҳсулотлари билан таъминлашда катта имкониятга эга. Кейинги йилларда ушбу йўналишни янада ривожлантиришга қаратилган эътибор натижасида бугун маҳаллаларимизда хонадон шароитида паррандачилик билан шуғулланиб, оиланинг тухум ва парҳез гўштга бўлган эҳтиёжини қондираётган ва шу орқали даромад топаётган оилалар кўпаймоқда. Шунингдек, вилоятда ҳар йили ўнлаб йирик паррандачилик корхоналари ташкил этилмоқда. Бу йил ҳам 182 миллиард сўмлик 27 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган ва бу борада амалий ишлар олиб борилмоқда.  

Жумладан, жорий йил якунига қадар “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Паррандасаноат” уюшмаси ва Самарқанд вилоят ҳокимлиги ёрдамида “Навобод наслли парранда” масъулияти чекланган жамиятида 300 минг бош наслли парранда боқишга мўлжалланган лойиҳа ишга туширилади. Ушбу лойиҳада нафақат парранда боқиш, балки унинг бутун жараёнини қамраб оладиган тизим жорий этилади. Бунинг натижасида йилига 30 миллион дона тухум, 20 минг тоннадан ортиқ парранда озуқаси ишлаб чиқарилади.  

Асосий талаб – чорва наслини янгилаш 

Вилоятнинг Нуробод тумани асосан чорвачиликка ихтисослашган. Бугунги кунда туманда чорвачилик соҳасида 122 фермер хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ихтиёрида 3346 бош йирик шохли, 123 минг бош майда шохли қорамол, 742 бош от ва туя мавжуд.

– Туманда чорвачиликни янада ривожлантириш ҳамда чорва мол бош сонини кўпайтириш мақсадида жорий йилда 13 нафар ташаббускорлар томонидан умумий қиймати 85,9 миллиард сўмлик чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган, – дейди Нуробод тумани ҳокимининг ўринбосари А.Дўстмуродов. – Хусусан, йилнинг биринчи чорагида “NUROBOD OLTIN ASR CHORVASI” масъулияти чекланган жамияти Германиянинг “Livestock GmbH” компаниясидан 131 бош наслли қора моллар олиб келиб, парваришлаяпти. Қўйчилик бўйича 5 та лойиҳа ташаббускори 2900 бош майда шохли мол олиб келиш ҳаракатида. Ҳозиргача “Чорвачилик фахрим” МЧЖ томонидан 952 бош ва “Нурли бўстон томорқа хизмати” МЧЖ томонидан 1000 бош наслли майда шохли моллар Қозоғистон Республикасидан олиб келинди.

Биз йиллар давомида маҳаллий зотли қорамолларни парваришлаб, шу билан чекланганмиз. Лекин бугун наслни янгиламас, зотдор моллар сонини кўпайтирмас эканмиз, бу тармоқдан оладиган фойдамиз ҳам, гўшт ва сут маҳсулотлари ҳам кутилганидек бўлмайди. Буни аҳолига ҳам тушунтириб, хориждан келтирилаётган наслли молларни харид қилиб, кўпайтиришга даъват этяпмиз.

“Бир кило гўшт пулига 60 дона тухум”

Бу қўшнимнинг гапи. Кеча супермаркетда гўштнинг нархини кўриб, бир кило мол гўшти ўрнига 60 та тухум олишни афзал билибди. Тўғри, ҳозир кўпчилик нархни солиштириб, гўшт ёки ўсимлик ёғи ўрнида бошқа маҳсулот олишга интиляпти. Бир парча эт учун фалон сўм пул тўлашга ҳар кимнинг кўзи қиймайдида. Лекин инсон учун, соғлом овқатланиш учун ҳар бир маҳсулотнинг ўз ўрни, аҳамияти бор.

Хуллас, муаммо ва масалалар бир-бирига боғлиқ. Уларни ҳал этиш учун чора-тадбирлар белгиланаётгани, лойиҳалар ишлаб чиқилаётганини ҳам кўряпмиз, эшитяпмиз. Қачонки бу режалар бажарилса, лойиҳалар амалга ошса, озиқ-овқат хавфсизлиги амалда таъминланади, нархи қимматлиги учун бир маҳсулот ўрнига бошқасини харид қилмаймиз.

Ғ.ҲАСАНОВ