Гўшт қиммат. Бунга сабаб бўладиган жиҳатлар кўп

Президентимизнинг 2019 йил 26 июль куни вилоятимизга ташрифи чоғида ички бозорда гўшт ва гўшт маҳсулотлари нархининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир туманда камида иккитадан бўрдоқичилик хўжаликларини ташкил этиш ва уларга лалми майдонлардан белгиланган тартибда ер ажратиш юзасидан топшириқлар берганди. 

- Берилган топшириқ асосида вилоятимизда гўшт ва гўшт маҳсулотлари нархи барқарорлигини таъминлаш мақсадида бўрдоқичилик йўналишида ихтисослашган хўжаликлар ташкил этиш режаси ишлаб чиқилди, - дейди Самарқанд вилояти “Чорванасл” маркази директори Шуҳрат Тошпўлатов. – Режага кўра 2019-2021 йилларда вилоятимизнинг 14 туманида 27 та бўрдоқичиликка ихтисослашган йирик чорвачилик хўжаликлари ташкил этилади ва Германия, Австрия, Украина, Қозоғистон, Беларусь давлатларидан 5220 бош наслли қорамол келтириш белгиланган. Бу бежиз эмас. Чунки мамлакатимизда чорва наслини яхшилаш ва маҳсулдорлигини ошириш мақсадида хориждан зотдор қорамоллар келтирилмоқда. Чунки четдан келтирилаётган наслли қорамоллар сермаҳсуллиги, тез ўсиши, гўшт ва сут олиниши юқорилиги билан самарали ҳисобланади. 

Шундан келиб чиқиб, 2019 йилги дастурга асосан Булунғур ва Жомбой туманларида 3 та хўжаликка қарийб 75 гектар ер ажратилиб, Германия ва Беларусь давлатидан бўрдоқига боқиладиган зотдор қорамоллар боқуви йўлга қўйилди. Бундан ташқари, 2020 йилги дастурда белгиланган 6 та йирик чорвачилик хўжалиги ҳам Қозоғистондан зотдор қорамоллар келтириб, бўрдоқилар боқишни бошлади.

 Мутахассиснинг айтишича, чорва молларини келтираётган давлатнинг об-ҳавосидан келиб чиқиб республикамизнинг нисбатан юқори ҳарорат кузатиладиган вилоятларига иссиқсевар зотлар ёки салқинроқ иқлимга яхши мослашадиган ва тез ривожланадиган чорва зотлари ҳудуд шароитидан келиб чиқиб тақсимланади. Масалан, вилоятимизга асосан «Голштин», «Симментал» ва «Қизил чўл» зотлари келтирилади. Чунки, бу зотлар ҳудуд иқлимига тез мослашади ва маҳсулдорлиги анча юқори. 

Маҳаллий ва наслли қорамолнинг афзалликларини таққослаб кўрсак. Хўш, наслли қорамол олиш учун катта маблағ сарфлаш тўғрими ёки нотўғри?

Айтайлик, маҳаллий қорамол бир йилда 1,5-2 тоннагача сут, туғилганда 15-20 килограмм оғирликдаги бузоқ ва у бир ёш вақтида вазни 100-120 килограмгача етиши мумкин. Демак, маҳаллий қорамолдан бир йилда 2 тонна сут ва ўртача 100 килограмдан ортиқ гўшт олиш мумкин. Наслли қорамолдан бир йилда камида 5 тонна сут олинади, бу эса бир йилда наслли қорамолнинг харид нархи деярли ундан олинадиган сутнинг ўзидан қопланади, деганидир. Бундан ташқари, бузоқ туғилганда 55 килограмгача вазнда бўлади. Бир йилда 200-250 килограмгача, бўрдоқига боқилганлари эса 1 тоннагача тош босади. Кўриниб турибдики, наслли қорамоллар кўпроқ маҳсулдор ҳисобланади. Лекин четдан келтирилган чорва молларининг аксариятида туёқ касаллиги учрайди.

- Бир неча йиллик кузатувимизга кўра Россия, Украина ва Беларусь давлатларидан келтирилган чорва молларида туёқ касаллигига чалинмайди, - дейди Ш.Тошпўлатов. – Чунки кўп йиллар аввал бу давлатларда шу йўналишда илмий тадқиқотлар олиб борилиб, касалликни бартараф этиш воситалари ишлаб чиқилган. Чорва маҳсулдорлигини ошириш мақсадида 2006 йилдан буён хориждан наслли чорва моллари келтирилаётган бўлса, ҳозиргача келтирилган қорамоллардан неча бош наслли бузоқ, қанча гўшт ва сут олингани борасида аниқ маълумотлар йўқ. Марказнинг 2020 йилги режасига асосан вилоятимиздаги 850 дан ортиқ чорвачилик хўжаликларидаги чорва моллари, ер майдони, насл олиш ва маҳсулот етиштириш ҳажмларини мониторинг қилишни режалаштирганмиз. Чунки 1 гектар ер майдони бор хўжалик чорвачилик талабларига кўра бир йилда 2,5 тонна сут, 400 килограмм гўшт топшириши лозим, аммо фаолият юритаётган хўжаликларда бундай эмас. Қолаверса, чорвачиликни ривожлантиришдаги асосий жиҳат, албатта, қорамолларни тўйинтирилган озуқа рациони асосида озиқлантириш ҳисобланади. Масалан, Европа давлатларида 0,8-1 озуқа бирлиги бўлган ем-хашак билан 1 килограмм сут олинади, чунки уларда озуқанинг тўйинтирилганлигига катта эътибор қаратилади. Бизда эса 2 озуқа бирлиги сарфланиб, 1 килограмм сут тайёрланмоқда. Масалан, маккажўхорида 1,24 озуқа бирлиги бор, лекин витаминлар билан тўйинтирилмаган. Ахир келтирилаётган қорамолларни одатий тўйинтирилмаган озуқа билан боқиб паст самарага эришиш катта маблағни бекорга сарфлаш билан баробар. Шунинг учун жойларда чорвадорларга озуқа рационини тўғри ва тўйинган ҳолда ташкил этишни тавсия этяпмиз.  Соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган муаммолардан яна бири - жойларда ем шохобчаларининг йўқлиги. Масалан, майда шохли қорамолга бир йилда 100 килограмдан ортиқ, йирик шохли қорамолга эса 1 тоннадан ортиқ ем зарур бўлади. Туманлардаги бу каби муаммолар ҳам тармоқ ривожига тўсиқ бўлмоқда. Шунингдек, хўжаликларнинг аксариятида ветеринар врачлар йўқ, борларида ҳам керакли ускуналар етишмайди. Сунъий уруғлантириш тажрибасининг етишмаслиги эса зотдор чорва молларидан соғлом насл олишга тўсқинлик қилмоқда. 

Хуллас, ҳаммамиз ҳам қассобхонадан арзон ва сифатли гўшт олишни хоҳлаймиз. Лекин бугунги нархда ҳар куни қозонга соладиган гўшт сотиб олишга ҳамманинг ҳам қурби етмайди. Демак, бундай муаммоларнинг ҳал этилиши қорамоллар зотини яхшилаш билан бирга одамларнинг гўштга бўлган талабини ҳам қондиради. 

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ, 

“Зарафшон” мухбири.