Ғойиб бўлган одамлар
Ҳар йили минглаб одамлар бедарак йўқолади, кўпчилигини қидириш ҳам муваффақиятсиз тугайди. Айримлари тушуниб бўлмайдиган ҳолда шундоққина таниш–билишлари кўз ўнгида ғойиб бўлади. АҚШда ёзувчи ва собиқ полициячи Дэвид Полидес ана шундай сирли ҳодисаларни ўрганиш билан шуғулланган.
- 1897 йил августдаги ҳодиса одамларни ларзага солди, - деб ёзади у китобида. – Плен штатидан олти ёшли Лилиан Карни ота-онаси билан ўрмонга қўзиқорин теришга боради. Ота-онаси қизалоқни бир зум ҳам кўздан қочирмайди, бироқ ақлбовар қилмас ҳолатда қизалоқ тўсатдан ғойиб бўлади.
Ота-она қизалоқни топиш учун ўзлари яшаётган шаҳарчадан 200 кишини бошлаб келишади. Қидирувчилар воқеа содир бўлган жой атрофидаги ҳар бир бута, ҳар бир унгурни қараб чиқишади. Бироқ қизалоқ топилмайди. Қидирувчилардан бири ҳатто катта одамлар ҳам ўтолмайдиган чакалакни кўздан кечиришга жазм қилади ва Лилианни топиб олади. Қизалоқ ғойиб бўлган жойдан жуда олисда бўлган бу чакалакка у қандай келиб қолган?
Қизалоқни ғалати ҳушсиз ҳолатдан ўзига келтирганида у ота-онаси билан қўзиқорин теришаётган жойдан қимирламаганини гапириб беради. Ваҳоланки, қизалоқ қуёш нури ҳам тушмайдиган қоронғу чакалакзорда икки кеча-кундуз бўлганди. Унинг айтганлари ҳаммани ҳайратда қолдирди. Ғайритабий ҳодиса тадқиқотчилари Лилиан Карни нималарни бошдан кечиради, бу ҳодиса қандай содир бўлди, ҳозиргача тагига етишгани йўқ: уни НУЖ ўғирлаганмикан ёки аллақандай вақт “гирдобига” тушдимикан?
- Бундай ҳодисалар кўпроқ болалар билан содир бўлгани кишини ажаблантиради, - деб давом этади Дэвид Полидес. - 1898 йил 25 август куни уч яшар Элис Рейчил Пек хархаша қилиб, ўрмонга мева тергани бораётган онасига эргашиб олди, кўп ўтмай кичкинтой кўздан йўқолди. Қаерда? Узоқ қидирувлар натижасиз тугади. Кутилмаганда учинчи кун охирида Элич ғойиб бўлган жойидан беш миль наридан топилди. Болакайнинг ҳеч нарса бўлмагандай ўрмон кезиб юргани ва беш миль масофани босиб ўтгани барчани ҳайратда қолдирди. Уни уйқусирагандай ярим ҳушсиз ҳолатдалиги ғалати эди.
Элис ўзига келганидан сўнг гапириб беришича, йўлда анча ялангоёқ юрган. Йўқолган пайтида гўдак оёғидаги ботинкасини эслолмайди. Ундан йўқолган жойидаги харсанг тошни қандай айланиб ўтгани сўралганда, у бу ердан “Қора одам” ўтказиб қўйганини айтди. У болакайнинг ботинкаси ва шапкасини нега ечиб олгани жумбоқ.
1939 йил 15 июлда Американинг Пенсильвания штатидаги Рединго қишлоғи яқинида 70 ёшли кампир Эмма Стеффи йўқолиб қолади. Уч кун давомидаги қидирувда теварак атрофдаги барча жойлар текшириб чиқилади, бироқ кампир топилмайди. Хотирасини йўқотган аёл уйга ўзи кириб келади, аммо кўп ўтмай номаълум сабабга кўра вафот этади. У қандай қилиб хотирасини йўқотган, уч кун давомида қаерда бўлган, нима ҳодиса рўй бергани сирларигича қолди.
Одамлар билан тушуниб бўлмайдиган бундай сирли ҳодисалар кўп содир бўлади. Ажабланарлиси шундаки, тўсатдан йўқолган одам кўз очиб юмгунча анча олисларда пайдо бўлиб қолган. Кейинчалик топилганлар ўзлари билан нималар рўй берганини тушунтириб беролмайди. Айримлари эса воқеа содир бўлган жойдан минглаб километр наридаги аллақандай манзилда бўлганини ҳикоя қилади, ўша жойни майда-чуйда икир-чикирларигача тасвирлаб беради. Текшириб кўрилганида у борган манзилини бехато тасвирлаб бергани маълум бўлади. Савол туғилади: бориши учун ҳафталаб, ойлаб вақт талаб қилинадиган олис масофага йўқолган одам икки-уч кун ичида қандай бориб келган? Уни ким, нима учун олиб бориб келган?
Хуллас, жавобдан кўра саволлар кўп.
Рус тилидан Т.Шомуродов таржимаси.