Ҳамжиҳат халқни ёвуз душман ҳам, кўринмас ёв ҳам енга олмайди

Жаҳонда коронавирус деб аталмиш офат дунёнинг ривожланган мамлакатларини тобора забт этиб, унинг иқтисодий, ижтимоий ҳаётига етарлича путур етказмоқда. Ҳозирда уларда қурбонлар сони кундан-кун ошиб, инсониятни жамиятга нисбатан бошқа назар билан қарашга чорламоқда. Ахборот воситалари тинмай шулар ҳақида бонг урмоқда. Рақамларни кўриб қўрқиб кетасан киши. 2020 йил 1 апрель ҳолатига кўра Бельгияда 700 дан ортиқ, Испанияда 8464 та, Италия мамлакатида 12400 дан ортиқ, Францияда 3523 та ва бошқалар. Булар ҳали бир кунлик натижалар, холос. Умумий натижалар (42364 та ўлим)ни эса кўриб ёқа ушлайсан киши.

Аллоҳга шукур, юртимизда бундай ҳолат кузатилмаяпти. Вирус билан касалланганлар сони ҳам жуда тез ошиб кетгани йўқ. Кўпчилик буларга сабаб ҳукуматимизнинг, шифокорларимизнинг жон куйдириб ҳаракат қилиши демоқда. Тўғри, шифокорлар ўз касбига ва Гиппократ қасамига содиқ қолиб халқимиз соғлиғи учун тун-у кун садоқат билан хизмат қилмоқда. Лекин шифокор ва ҳукумат ўша ривожланган давлатларда ҳам кўп. Улар ҳам мавжуд имкониятлари, ўз тажрибалари ва изланишларига таянган ҳолда сидқидилдан ҳаракат қилишмоқда. Ушбу мамлакатларнинг салоҳияти - техника, таълим, илмий-тадқиқот олиб бориш, иқтисод, ахборотлаштириш шунга ўхшаш бошқа соҳаларда ҳар томонлама бизникидан илғор. Шундай бир даврда биз фақат ҳукумат ва шифокорларни олқишлаяпмиз. Бунга қарши эмасман. Лекин гап фақат уларда эмас. Мамлакатимизнинг ҳозирги яхши ҳолатига халқимизнинг бирдамлиги, уларнинг дунёда бўлаётган ишлардан хабардор бўлиб, қилишаётган барча саъй-ҳаракати сабаб, деб ўйлайман.

Халқимиз азалдан жуда матонатли халқ. Тарихга назарга солиб қарасак, халқимизнинг матонатини ифодалашга бир нечта аниқ мисолларни келтиришимиз мумкин. Масалан, Катта Фарғона каналининг қурилиши 45 кунда якунланди. Ҳозирда бундай канални йирик-йирик техникалар билан бунчалик тез қуриб битириш ўта қийин масала. Иккинчи жаҳон урушида халқимиз кўрсатган фидокорликлар. Жанг майдонлари юртдан узоқда бўлишига қарамасдан юртимизнинг барча жойларидан ўғлонларимиз уруш барча халқларнинг бошига келган кулфат эканлигини англаган ҳолда кўнгилли бўлиб, жанг майдонларига отланишган. Фронт ортида оналаримиз, боболаримиз уларни қўллаб-қувватлаб дуо қилиш билан бирга жавлон уриб ишлаган. Қанчадан қанча йўқотишлар бўлди, аммо халқимиз матонат билан уруш балосини енгиб ўтди.

Мустақилликка эришишимиз ҳам осон бўлмади. Дастлабки йиллар жуда оғир ўтди. Кекса бобомдан кўп эшитганман. Ҳеч нимасиз мустақиллик. Юришни энди ўрганаётган боладек йиқилиб тушаман деб турган янги мустақил республика. Суяди, тетапоя қилди. Юрт отаси бош бўлди, халқ унга ёндош бўлди. Барча қийинчиликлар ортда қолди.

Бугунги пандемия жараёнида халқимиз яна бирдам, аҳил бўлиб, бу балони енгмоқда. Тўғри, беш бармоқ баробар эмас: баъзида ноинсоф одамларнинг нафс йўлидаги қинғирликлари ҳақида эшитяпмиз. Аммо булар том маънодаги ўзбек халқи матонатига соя сола олмайди.

Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан 2020 йил 18 март куни коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича халққа мурожаат қилган маърузасида “Бу ҳаётнинг кўп оғир синовларини ва яхши-ёмон кунларини бошидан кечирган халқимиз ҳаммасини тўғри тушуниб, масалага онгли ёндашмоқда. Муфтият раҳбарлигида диний уламолар юртимизга тинчлик-хотиржамлик, беморларга шифо тилаб, дуои фотиҳалар қилишмоқда. Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва, ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади”, деб таъкидладилар.

Ҳа, биз оғир кунларни бирдамлик билан енгган халқмиз. Биз ҳам ота-боболаримиз йўлидан борайлик. Мана шундай вазиятда ҳам ўзимизни кўрсатайлик. Зеро, ҳамжиҳат халқни ёвуз душман ҳам, кўринмас ёв ҳам енга олмайди.

Қуддус ХОЛБОЕВ,

Самарқанд шаҳри, Сартепа маскани.