Ҳамма иш очиқ ва ошкора бўлиши керак

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги 58-сессиясида мутасаддиларнинг ҳисоботлари “ими-жими”да ўтиб кетишига йўл қўйилмади.

Кенгаш котибияти мудири Ш.Йўлдошев бошқарган сессия ишида депутатлар ҳар бир масала юзасидан аниқ муаммоларни кўтаришди. Улар бўйича раҳбарларнинг асосли фикрлари сўралди.

 Йўл асфальт бўлгач, кавланяпти, нега?

Вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Шукуровнинг қайд этишича, жорий йилда шаҳар-туманларда 143 та (шундан 31 таси йилдан-йилга ўтувчи) объектни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари белгиланган. Объектларнинг умумий қиймати 1 триллион 170 миллиард 495,9 миллион сўмни ташкил этади.

Шундан 94 та ижтимоий соҳа объектида вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмачилигида 440,7 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилади. Жумладан, 40 та умумтаълим мактаби, 1 та 480 ўринли ижод ва ихтисослаштирилган мактаб, 20 та мактабгача таълим ташкилоти, 10 та соғлиқни сақлаш объектлари, 7 та қирғоқларни мустаҳкамлаш, 16 та шаҳар ва туман марказларини ободонлаштириш, қуриш-таъмирлаш режалаштирилган.

Белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун қурилиш ташкилотлари 15 иш кунида инсон фактори аралашмасдан, тендер танловлари ўтказилади. Бунинг учун вилоятдаги объектлар ҳақидаги эълон навбати билан “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот платформасига жойлаштирилмоқда.

- Энди йўлни қуришдан аввал, сув ва канализация, табиий газ тармоқларини ўтказиш ёки таъмирлаш масаласи кўриб чиқилади, - деди А.Шукуров ҳисобот юзасидан берилган саволга жавобан. – Умуман, қурилиш соҳасида ишни тизимли ташкил қилиш шахсан давлатимиз раҳбарининг назоратига олинган.

Қизғин муҳокамалар давомида қаерда мактаб қуриш, қайси бирини таъмирлаш вазифаси дастурга қай тартибда киритилаётганини ўрганиш таклиф қилинди.

Дарахт кесишса, (66) 2393777 га қўнғироқ қилинг!

Сессияда ҳисобот берган вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи А.Раимжоновнинг айтишича, чиқинди полигонларини жиҳозлаш учун маблағга зарурат туғилмоқда.

- Чунки қурилиш-бунёдкорлик ишлари йил сайин кенгайиб бормоқда, - деди А.Раимжонов. - Табиийки, ҳосил бўлаётган чиқинди ҳажми ҳам ортяпти. Ваҳоланки, уларни аниқ бир жойга тўплаб, қайта ишлаш орқали иккиламчи хомашёга айлантириш мумкин. Айни пайтда вилоятда 22 та корхона чиқиндиларни саралаб, иккиламчи маҳсулотларни йиғиб олиш билан шуғулланяпти. Агар 3 та туманда чиқинди полигонлари қурилиб, жиҳозланадиган бўлса, уларнинг сони янада ортиши табиий. Бу ўз навбатида янги иш ўринлари яратиш, бунёдкорлик соҳасида хомашё танқислигининг олдини олиш ва таннархни пасайтириш имконини беради.

Бошқарма бошлиғининг қайд этишича, бугунги кунда шаҳар-туманлардаги таълим ва тиббиёт муассасаларига 3322 та контейнер керак. Ушбу муассасаларда чиқиндиларни йиғиш ва белгиланган жойга ташиш учун 10 миллиард сўмдан ортиқ маблағ зарур.

Депутатлар сўралган маблағни маҳаллий бюджетдан ажратишни қўллаб-қувватлаб, маҳаллалардан чиқиндини ташиш бўйича хонадонлар билан индивидуал шартнома тузишни тавсия қилди.

Берилган саволларга жавоб қайтараркан, А.Раимжонов экология ва атроф-муҳит масаласи билан боғлиқ қонун бузилишлари ҳақида (66) 2393777 га қўнғироқ қилиш мумкинлигини қайд этди.

Тиббий хизмат сифати кафолатланган

Сессия ишида бу борада амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Масала юзасидан сўз олган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Д.Жуманиёзов ўтган йилда туманларда 5 та оилавий поликлиника ва 6 та оилавий шифокорлик пункти фаолияти йўлга қўйилганини билдирди. Жорий йилда 4 та оилавий поликлиника ва 7 та оилавий шифокорлик пунктлари иш бошлайди.

Тиббиёт бригадалари 3,7 миллиард сўм маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан мобил тиббиёт-диагностика воситалари - 300 та компьютер, 290 та планшет, 60 та принтер, телекоммуникация қурилмалари ва тиббий диагностика воситалари, оилавий поликлиникалар замонавий УТТ ва 43 та ЭКГ аппарати билан таъминланди. Вилоят маҳаллий бюджетининг 1 миллиард 350 миллион сўм маблағи асосида махсус жиҳозланган мобил тиббий комплекс (автобус) харид қилиниб, 867 миллион 313 минг сўмлик тиббий асбоб-ускуна билан жиҳозланган.

 

Хўраки узум ғалладан кўра даромадли

Вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи С.Ҳакимов шу фикрни билдириб, уни аниқ фактлар билан асослаб берди. Туманларда узумчиликни ривожлантириш борасидаги ишларни қайд қилган мутасадди берилаётган имтиёз ва имкониятларни санаб ўтди.

Таъкидланишича, бугунги кунда вилоятда 6 та узумчилик кластери ва 2 та узумчилик кооперацияси ташкил этилган. Булунғур, Иштихон, Каттақўрғон, Пайариқ, Ургут ва Қўшработ туманлари узумчиликка ихтисослаштирилиб, 2024 йилгача 18,2 минг гектар ерда кластер, фермер хўжаликлари, аҳоли хонадонларида янги токзорлар барпо этиш режалаштирилган.

Депутатлар соҳадаги ишларни эътироф этган ҳолда виночилик туризми ўз ҳолига ташлаб қўйилганини билдирди. Шунингдек, тизимда берилаётган имтиёз ва имкониятларни кенг жамоатчиликка етказиш тизимли эмаслиги билдирилди.

Қайд этилишича, сув тежовчи технологиялар жорий этилган узумзорларга жорий йилда 61,7 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратилади. Шунингдек, вилоятдаги 173 та маҳаллаларидаги 81,1 мингта хонадонларга 1,6 миллион дона кўчат экиш белгиланган.

Умуман, сессия давомида жорий йилда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришга мўлжалланган сув кам бўлиши, бу борада зарур чораларни кўриш кераклиги айтилди. Қайд этилганидек, айни пайтда сув омборларида 230 миллион кубометр сув камлиги танқислик бўлишини билдирди. Туманларда 79 минг гектар сув тежовчи технологиялар жорий қилинган. Йил якунигача бу кўрсаткич 90 мингдан ошиши режалаштирилган.

Сессия ишида бу борада амалга оширилиши лозим бўлган масалалар белгилаб олинди.

Депутатлар шунингдек, вилоятда халқ таълими тизимини 2022 йилда ривожлантириш ҳудудий дастури тақдимоти ҳамда маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги масалаларни муҳокама қилиб, тегишли қарорлар қабул қилишди.