Ҳақиқат синмайди
Дунё ўткинчи.
Ким эрта, ким кеч, лекин барибир ўша, охирги кун келади.
Ёшим ҳам саккизинчи ўнликни қоралаб боряпти. Умр бўйи ҳалол яшадим, ҳалол ишладим. Диним, диёнатим, касбимга хиёнат қилмадим. Фарзандларимни шундай тарбияладим. Ҳали ҳам ҳаётдан умидларим бор. Набира, эвараларнинг бахтли кунида дуогўй бўлиб туриш насиб этса, дейман.
Ҳаётимдан кўнглим тўқ. Лекин... Бир ҳақиқат ҳам борки, уни эсласам, ўртанаман, ўзимни у инсон олдида ноқулай сезаман.
1996 йили мен “Фарғона ҳақиқати” – “Ферганская правда” газеталари бош муҳаррири эдим. Вилоят ҳокимининг шахсан топшириғи билан текширилмаган, ўрганилмаган, редакциянинг бир ходими имзоси остида бўлса-да, аслида ҳокимлик тақдим этган бир мақолани чоп этишга мажбур бўлдик. Газета ҳокимлик муассислигида бўлгани учун мен ҳоким топшириғини бажаришим шарт эди, деб ҳисоблаганман. Бу таниқли журналист, Ўзбекистон телевидениеси “Ахборот” дастурининг Фарғона водийсидаги махсус мухбири Муҳаммаджон Обидов ҳақидаги танқидий мақола эди.
Обидов газетага раддия ёзди. Ҳоким уни чоп этишни тақиқлади. Шунда журналист ўзининг ҳақ-ҳуқуқи, шаънини ҳимоя қилиб судга берди. Суд “Фарғона ҳақиқати”да босилган мақолани туҳматдан иборат деб топди ва раддия эълон қилиш вазифасини юклади. Вилоят ҳокими яна қаршилик қилди. Энди Обидов жиноят иши қўзғатиш ҳақида ариза берди. Шундай бўлди ҳам. Узоқ тергов ва суд мазкур туҳмат учун унга алоқадор шахсларни тегишли моддалар билан айбдор деб топиб уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилди. Хайриятки, Президентнинг амнистия ҳақидаги Фармони чиқиб, биз жазони ўташдан озод қилиндик. Улар орасида вилоят ҳокими ҳам бор эди.
Ҳозир айтмоқчи бўлган гапим аслида бу ҳақида эмас.
Биз ҳатто ҳоким босими билан бўлса-да, бир инсонга туҳмат қилдик. Судда бу тасдиғини топди ва ҳеч ким баҳслашмади, ҳукм билан. Унинг эса мавқеи, обрўси ошди. Олий Мажлис депутатлигига сайланди. Журналист сифатида Давлат раҳбари сафарларига кўпроқ ҳамроҳлик қиладиган бўлди. Бу унга биздан, балки ўч олиш имконини кенгайтирарди.
У-чи? Йўқ, у олижаноблик қилди. Судланган Тошқўзи Муллаев, Абдужалил Бобожонов ва мени Обидов доим қўллаб-қувватлаб келди, ишимизни давом эттирдик. Суд ҳукми қонуний кучга киргач, вилоят ҳокими ва Абдуназар Худойназаровлар вазифасидан озод этилди. Виждоним олдида айтай, мени Умра сафарига боришимга сабабчи бўлди, Абдужалил Бобожоновни эса ёнига олган, ҳамон “Фарғона ҳақиқати” газетасида ишлаб келмоқда.
Қачон Обидов билан учрашиб қолсам, у гўё ўртада ҳеч қандай кўнгилсизлик бўлмагандек тутади ўзини. Мендан, кекса, бетоб журналистдан хабар олиб тургани ҳам бор гап...
Ҳаётимнинг кузи ўтиб боряпти. Анчадан буён ўйлаб, истиҳола қилиб юрган гапларим, туйғуларимни қоғозга битдим бугун. Кўнглим енгил тортди, ундаги бир тугун ечилгандек бўлди. Аллоҳ пок қалбли, силаи раҳмли инсонларни ҳамиша ўз паноҳида асрасин!
Аҳмадали ХЎЖАЕВ,
“Фарғона ҳақиқати” – “Ферганская правда” газеталари собиқ бош муҳаррири.
("Миллий тикланиш" газетасининг 2024 йил 26 июндаги 23-сонидан олинди).