Ҳашар давом этяпти. Сиз ҳам умумхалқ ҳашарида иштирок этяпсизми?

Айни пайтда мустақиллик байрамимизнинг 30 йиллигига тайёргарлик кўриш ҳамда ҳудудларни ободонлаштириш мақсадида вилоятнинг олис ва яқин жойларида, корхона-ташкилот, муассасаларда ҳашар ўтказиляпти.

Хусусан, Пахтачи туманида давом этаётган ҳашар доирасида маҳаллалар, аҳоли пунктлари, бинолар, зиёратгоҳ ва қабристонлар, ариқ ҳамда болалар майдончалари тартибга келтириляпти, дарахтлар оқланиб, шакл берилмоқда, жойларда санитария-гигиеник дезинфекция ишлари амалга ошириляпти.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабарига кўра, тумандан 78,6 мингдан ортиқ киши иштирок этиб, 84 гектардан зиёд майдон ободонлаштирилди. 52 тонна маиший ва қурилиш чиқиндилари чиқариб ташланди. 59 та қабристон, 1 та зиёратгоҳ тартибга келтирилди. 38 оиланинг уй-жойи таъмирланди.

***

Паст Дарғом туманида ҳам ҳашар уюшқоқлик билан ташкил этилди.  Айниқса, Дўстлик, Камолот, Янгиобод, Катта Найман маҳаллаларида ободонлаштириш ишларига жиддий эътибор қаратилди.

***

Умумхалқ хайрия ҳашарида вилоятдаги ички ишлар идоралари ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Хусусан, вилоят ИИБда хизмат қилаётган ходимлар, аввало, бошқарма ва унинг атрофини обод қилдилар. Шунингдек, барча шаҳар ва туман ИИБ ва соҳавий хизматлар маъмурий биноларида гигиена талабларига эътибор қаратилиб, ҳудудлар тартибга келтирилди, чиқиндилардан тозаланди.

Аҳолини қўллаб-қувватлаш, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни кучайтириш мақсадида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олинди.