Ҳайвонот оламидаги энг яхши оналар
Сизнингча, ҳайвонот оламида ким энг яхши она деган ғурурли номга эга бўла олади? Ҳойнаҳой, сиз бу ҳақда ҳеч бўлмаса бир марта ўйлаб кўрган бўлсангиз керак. Ҳайвонларни кузатувчи олимлар орасида ғолибликни кимга бериш кераклиги ҳақида бирор бир тўхтам йўқ. Бугун ер юзидаги ҳақиқатан ҳам ажойиб, энг ғамхўр оналар деб ҳисобланадиган ҳайвонлар ҳақида маълумот берамиз.
Шимпанзе
Шимпанзелар одамларга жуда ўхшаш, ҳатто ҳомиладорлик даври ҳам бир хил, шунинг учун улар бизга ўхшаб ўз болаларини эркалатади, уларга ғамхўрлик қилади, асраб-авайлайди, билганларини ўргатади, егуликларини баҳам кўради ва фарзандлари беш ёшга тўлгунга қадар узоқ вақт эмизишади.
Шимпанзелар ҳамдардлик ва раҳм-шафқат кўрсата олади ва агар уларнинг чақалоғи вафот этса, улар бир неча кун мотам тутишлари мумкин. Лос-Анжелес ҳайвонот боғида оломон кўз ўнгида Грейс исмли шимпанзе боласи вафот этганидан сўнг ҳайвонот боғи ходимлари чақалоқни икки кундан кейин олиб кетишга муваффақ бўлишди, шу вақтгача алоҳида хонада яширинган Грейс фарзандини қўлларида тебратиб, аллалаб ўтирган.
Оқ айиқ
Барча она айиқлар ўз фарзандларининг қаттиқ ҳимоячиларидир, аммо қутб айиқлари улар орасида энг ғамхўр оналар ҳисобланади. Улар нафақат ўз болаларига, балки бошқа етим айиқ болаларига ҳам ғамхўрлик қилишга қодир. Она айиқ инсон тили билан айтганда, токи уларни оёққа қўймагунча болаларидан икки-уч йилгача ажралмайди. Бу вақт ичида у уларга омон қолиш кўникмаларини тўлиқ ўргатади.
Аллигатор
Наҳотки... Бироқ, бу ҳақиқат - тимсоҳ оналар жуда ғамхўр ва кўпчилик судралиб юрувчилардан фарқли ўлароқ, чақалоқларини ташлаб ёки ҳатто уларни еб (!) ҳам қўймайди. У уларни тухум қўйган пайтидан бошлаб ҳимоя қилади, йиртқичлардан ҳимояланган иссиқ уяда сақлайди (унинг уяси чириган ўсимликлар тўплами бўлиб, иссиқлик ҳосил қилади), туғилганда уларни жуда эҳтиёткорлик билан оғзида олиб юради. Чақалоқлар туғилгандан сўнг, у оқ айиқ каби икки ёки уч ёшгача улар билан бирга қолади.
Жирафа
Она жирафанинг оналаримиз билан умумий томони шундаки, иккаласи ҳам фарзанд туғилгандан кейин жуда кам ухлайди. Жирафа бузоқчасини йиртқичлардан ҳимоя қилиб, доимо қўриқлашга мажбур, шу сабабли у кунига бор-йўғи 30 дақиқадан 2 соатгача ухлайди.
Жирафалар, шунингдек, бошқа болалар учун энг меҳрибон ва саховатли энагалардир. Подадаги ёш ҳайвонлар нафақат ўз оналарининг сути, балки онаси дугонасининг сути билан ҳам озиқланади. Қўшни жирафаларнинг ўзи бунга қарши эмас, улар бегона болаларни ҳайдаб чиқармасдан, уларга ғамхўрлик қилаверади.
Филлар
“Бир фил болани боқиш учун бутун бир қишлоқ керак”, деган нақлни мукаммал тушуниб, ҳаётга татбиқ этадиган энг доно хонимлар айнан мана шу ерда. 22 ойлик ҳомиладорликдан кейин туғилган кичкина филчага ғамхўрлик қилиш учун бувилар, холалар, опа-сингиллар... бутун филлар оиласи келади.
Онаси сузишга, овқатланишга ёки дам олишга кетганда, қариндошлар чақалоққа қараб туришади. Уйқусини олиб бўлган она дугоналари дам олишга кетганда, янги куч ва яхши кайфият билан нафақат ўзининг, балки қўшниларининг болаларига ҳам ғамхўрлик қила олади.
Гепардлар
Гепардлар энг сабрли оналардир. Она гепарднинг ўз зурриёдига ғазабланганини деярли учратиш қийин. Унинг авлоди жуда катта-ҳар сафар 4-6 мушукча туғилади.
Гепардлар кўпинча етим мушукчаларни ҳам асраб олишади ва уларни ўзлариники каби тарбиялашади. Қизиғи, фарзандлари тахминан икки ёшга тўлганида, онаси гўё: “Бўлди, болалар, энди ўзингизни ўзингиз уддалайсизлар”, дегандек, уларни ташлаб, янги оила қуриш учун кетишади, ўсмирлар эса онасиз қолади. Тахминан олти ой бирга яшагандан кейин қизлар ҳам тўдани тарк этиб, онаси каби ёлғиз яшай бошлайди. Лекин ўғил болалар бундай қилмайди, улар биродарликда яшашни афзал кўришади.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.