Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳиндистон ва Непалда ўнлаб одамлар сув тошқини ва кўчкилар қурбони бўлди

Ҳиндистон шимолида Уттаракханд штатида кучли ёғингарчилик туфайли юзага келган тошқин ва кўчки оқибатида камида 46 киши ҳалок бўлди, жароҳатланган ва бедарак йўқолганлар бор.

Аввалроқ, штат раҳбари Пушкар Сингх Дҳами ҳукумат қурбонлар оилаларига 400 минг рупий (5,3 минг доллар), уй-жойидан айрилганларга 190 минг рупий (2,5 минг доллар) товон пули тўлашини билдирди.

Найнитал курорт шаҳри, шунингдек, Ҳимолай тоғ этакларида жойлашган Каладҳунги, Холдвани ва Бхавали шаҳарлари билан алоқа бутунлай узилган. Ҳиндистонлик метеорологлар кучли ёмғир бир неча кун давом этишини маълум қилишди.

Шунингдек, Непалда сув тошқини ва кўчкилар оқибатида камида 31 киши ҳалок бўлди, 40 дан ортиқ киши бедарак йўқолди, деб хабар беради APB Live нашри.

Полициянинг қидирув-қутқарув ишларини давомли ёмғир ва кўчкилар қийинлаштирмоқда. Ички ишлар вазирлиги қутқарув ишларига Непал армияси, полицияси ва қуролли полиция кучларини сафарбар қилди.

Сув тошқини аэропортлар ишига таъсир қилди – бугун, 20 октябрь куни Катманду, Биратангар аэропортларида 100 дан ортиқ рейслар бекор қилинган. Аэропорт бинолари, учиш-қўниш йўли ва ангарлар сув остида қолгани ҳақида хабар берилди.